04.12.2019
297
"Халқ сўзи" интернет нашри.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,2019 йил 2 декабрь
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини кафолатлаш борасида етарли даражада қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилди.
Шу билан бирга, матбуот, оммавий ахборот воситалари, ахборот тарқатиш, аҳолини холис ва тезкор ахборот билан таъминлаш, мамлакатимизда содир бўлаётган янгиликларни чет давлатларга, чет давлатлардаги воқеа-ҳодисаларни мамлакатимиз аҳолисига тезкорлик билан етказиш бўйича амалдаги тизим бугунги кун талабларига жавоб бермаяпти.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг асл мазмуни
ва моҳияти ҳақида холис хабарларни аҳолининг барча қатламларига ҳамда дунё ҳамжамиятига тезкорлик билан ва сифатли етказиш, миллий ахборот маконини ривожлантириш, глобал ахборот майдонида республиканинг ўрнини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (кейинги ўринларда – ЎзА) республика ҳаётига оид ижтимоий-сиёсий ахборотларни тарқатувчи расмий ахборот агентлиги эканлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. ЎзАнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид расмий маълумотларни излаш, олиш, қайта ишлаш ҳамда ахборот, ахборот-таҳлилий, таҳлилий-танқидий материаллар тайёрлаш ва тарқатиш;
Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, расмий баёнотлари ва маърузаларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Ҳукуматининг қарорлари ва уларнинг фаолиятига оид ахборотларни мунтазам ёритиб бориш;
республиканинг ички ва ташқи сиёсатини, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни, жамиятимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ўзгаришлар ва янгиланишларни тезкор ёритиш;
жамоатчиликнинг катта қизиқишини уйғотаётган воқеаларнинг моҳияти бўйича фуқароларда холис фикрни шакллантириш ҳамда маълумотлардан бузғунчи ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланиш имкониятини бартараф этиш учун аҳолини бундай ҳодисалар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиб бориш;
ахборот хуружлари ва мафкуравий таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган чораларни амалга оширишда давлат органлари ва уларнинг ахборот хизматлари билан узвий ҳамкорлик қилиш ва улардан тизимли равишда статистик, таҳлилий ва бошқа турдаги маълумотларни олиш;
бошқа оммавий ахборот воситалари, жисмоний ва юридик шахслар фойдаланиши учун юртимизнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, тарихий
ва маданий ривожланишига оид маълумотлар (ахборот, фото ва видео материаллар) базасини шакллантириш;
ўқувчилар учун қулай ва қизиқарли шаклда Ўзбекистон халқининг ўзига хос маданияти, урф-одатлари, миллий қадриятлари, мамлакатнинг кўп йиллик тарихи ва илм-фан ривожига қўшган ҳиссасини намойиш этишга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш;
юртимизда юз бераётган ўзгаришларни дунёга кенг тарқатиш, жаҳонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида мамлакатимиз аҳолисига тезкор ахборот етказиб бериш, хориждаги ахборот агентликлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари, медиа-тузилмалар билан ҳамкорликни ривожлантириш.
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, ЎзА ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг республика ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид янгиликлар бўйича фуқароларда холис фикрни шакллантириш, уларга ахборот-таҳлилий, шу жумладан, аудио ва видео ахборотлар етказиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида ЎзА таркибида Медиа марказ ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Қуйидагилар Медиа марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ахборот-таҳлилий ва мультимедиа материаллар, эшиттириш ва кўрсатувлар, воқеа жойидан онлайн репортажлар тайёрлаш, аудио ва видео материалларни қайта ишлаш, уларни ЎзАнинг веб-сайтига жойлаштириш ва оммавий ахборот воситаларига белгиланган тартибда етказиб бериш;
ахборотни қайта ишлаш ва тарқатишнинг замонавий усулларидан, жумладан, инфографика, моушн-графика, ижтимоий ролик, 360 форматидаги видео ва бошқалардан кенг фойдаланиш;
давлат органлари мутахассисларини жалб қилган ҳолда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш.
4. ЎзА ҳузурида унинг фаолиятини тизимли йўлга қўйиш ҳамда давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни ўрнатиш бўйича Маслаҳат кенгаши (кейинги ўринларда – Маслаҳат кенгаши) тузилсин.
Қуйидагилар Маслаҳат кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ЎзА фаолияти ҳақида кенг жамоатчилик фикрини таҳлил қилган ҳолда унинг самарадорлигини янада ошириш ҳамда агентликнинг ахборот маконидаги ўрни ва ролини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
ЎзА фаолиятининг ривожланиш даражасини ўрганиш, агентликка методик тавсиялар бериш, унинг ишида юзага келадиган муаммо ва камчиликларни бартараф этишга кўмаклашиш;
давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш режаларини белгилаш, тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиш;
халқаро ва хорижий ахборот агентликлари, хорижий мамлакатлар оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик дастурларининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишига кўмаклашиш ва улар ижросини мунтазам равишда муҳокама қилиб бориш.
5. Белгилаб қўйилсинки:
Маслаҳат кенгаши ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи коллегиал орган ҳисобланади;
Маслаҳат кенгашига ЎзА бош директори раҳбарлик қилади ҳамда унинг таркиби оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек, мустақил экспертлардан шакллантирилади;
Маслаҳат кенгаши таркибининг учдан бир қисми ҳар 2 йилда янгиланиб борилади.
ЎзА бош директори (А.Кўчимов) икки ҳафта муддатда Маслаҳат кенгаши таркибини тасдиқласин.
6. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ходимларининг умумий чекланган сони 155 нафар, шу жумладан, бошқарув ходимларининг сони 13 нафардан иборат бўлган тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Қорақалпоғистон ахборот агентлиги (кейинги ўринларда – Қорақалпоғистон ахборот агентлиги) ходимларининг умумий чекланган сони 13 нафар, шу жумладан, бошқарув ходимларининг сони 2 нафардан иборат бўлган тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
ЎзА томонидан 2022 йил 31 декабрга қадар четдан олиб келинганда божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этиладиган техника воситалари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Белгилаб қўйилсинки:
ЎзА бош директори ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;
ЎзА бош директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра вазирга, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосари эса тегишлича вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади;
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра ЎзА бош директори ўринбосарига тенглаштирилади.
8. Қуйидагилар ЎзА ва Қорақалпоғистон ахборот агентлиги фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
ЎзА ва Қорақалпоғистон ахборот агентлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
9. ЎзА бош директорига:
а) ЎзА ва Қорақалпоғистон ахборот агентлиги тузилмаси штатлар сонига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;
б) ЎзАнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан:
давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий-тадқиқот муассасалари, етакчи халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали ходимларини, шунингдек, маҳаллий ва хорижий мутахассисларни маслаҳатчи сифатида жалб этиш;
ижодий танловлар ўтказиш, танлов иштирокчи ва ғолибларини мукофотлаш, шунингдек, ЎзАнинг ходими бўлмаган фаол муаллифларни рағбатлантириш;
ЎзА моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш, шу жумладан, уларга устамалар тўлаш;
зарур ҳолларда, минтақавий мухбирлик пунктларида қўшимча штат бирликларини жорий этиш ҳуқуқи берилсин.
10. ЎзА:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишган ҳолда бир ой муддатда ЎзА ва Қорақалпоғистон ахборот агентлиги ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлари ва штатлар жадвалини тасдиқласин;
2020 йил 1 майга қадар муддатда фойдаланувчилар учун қулай, аудио ва видео ахборотларни тарқатиш, тарқатилаётган ахборотларни тижорат йўли билан юклаб олиш имкониятлари мавжуд бўлган ЎзАнинг ахборот порталини ишга туширсин.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ЎзА билан биргаликда икки ой муддатда тегишлича:
Қорақалпоғистон ахборот агентлигини жойлаштириш учун бино ажратиш ва уни Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг қўшимча манбалари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига таъмирлаш ва жиҳозлаш;
ЎзАнинг вилоятлардаги минтақавий мухбирлик пунктларини ташкил этиш учун вилоятлар марказларидан зарур шарт-шароитларга эга бинолардан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жой ажратиш, уларни белгиланган тартибда таъмирлаш ва жиҳозлаш чораларини кўрсин.
12. ЎзА:
Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда фармойишлари, вазирликлар ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда расмий статистик тўпламлари, шу жумладан, уларнинг электрон шакллари мажбурий равишда юборилувчи ташкилотлар рўйхатига;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 октябрдаги 336-сон қарори билан тасдиқланган Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига киритилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатига мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнининг бориши ҳақидаги тадқиқот материалларини эълон қилиб бориш учун ЎзАга доимий равишда тақдим қилиб бориш тавсия этилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ЎзАга жаҳондаги етакчи ахборот агентликлари ва халқаро ахборот агентликлари уюшмалари билан ахборот алмашиш бўйича ҳамкорлик ўрнатишда амалий ёрдам кўрсатсин.
15. ЎзА Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда илғор халқаро тажрибани ўрганган ҳолда ЎзАнинг ижодий ва техник ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини бозор тамойиллари асосида такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарорни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни 2019 йилда ижтимоий соҳа бўйича тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида ажратсин, 2020 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу қарор мазмунидан келиб чиққан ҳолда бир ой муддатда ЎзА тўғрисидаги янгиланган низомни тасдиқласин.
18. ЎзА манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
19. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Ф.Ш.Маҳмудов зиммасига юклансин.