10.03.2021
397
Президентимизнинг 2019 йил 22 февралдаги “Социологик тадқиқотлар ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилингандан буён “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази нафақат илмий, балки амалий тадқиқотлар маркази сифатида ҳам ривожланмоқда.
Бугунги кунда марказ вазирликлар, идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотларнинг талабига ўз вақтида муносабат билдиради. Ижтимоий сўровлар аҳамияти эса тараққиёт тенденциялари, илмий асосланган прогнозлар ишлаб чиқилиши ва соҳаларни ривожлантиришга қаратилган амалий тавсиялар билан тавсифланади.
Сўнгги йилларда ҳокимият ҳамда бошқарув органлари жамоатчилик фикрини ўрганиш имкониятларидан барча соҳаларда аниқ мақсадга йўналтирилган сиёсат олиб бориш учун кенг фойдаланмоқда. Шу нуқтаи назардан, ижтимоий жараёнларни детерминациялаш, шаҳарлар ва қишлоқлардаги ҳаётни ўрганиш долзарб вазифалардан биридир.
Бугун Ўзбекистоннинг этник, диний, маърифий, гендер, ёш ва бошқа кўплаб омилларни ўз ичига олган ижтимоий таркибида динамик ўзгаришлар юз бермоқда. Шу маънода, сифатли социологик ахборотга эҳтиёжнинг ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, жамоатчилик фикрининг тегишли мониторинг тадқиқотларини ўтказиш зарурати долзарб ҳисобланади.
“Ижтимоий фикр” марказининг асосий тадқиқотларидан бири — Ўзбекистонда фуқаролар қадриятларини ўрганиш, барча соҳалар эркинлаштирилиши таъсирида аҳолининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ахлоқий, ҳуқуқий онгида содир бўлаётган асосий ўзгаришларни аниқлашга қаратилган “Ўзбекистон фуқароларининг қадрият мезонлари ва тамойиллари” мониторинги.
Ўзбекистон фуқароси шахси маънавий-ахлоқий ривожланиши мамлакатни модернизация қилишнинг асосий омилларидан бири саналади. Жамият ривожланиши суръатлари ва хусусияти бевосита инсонларнинг фуқаролик позициясига, мотивацияси, эҳтиёжи, ҳаётий устуворликлари, эътиқоди, маънавий қадриятларига боғлиқ.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида маънавий қадриятларни тиклаш, ахлоқий идеалларни шакллантириш, миллатнинг, айниқса, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришни устувор вазифа сифатида белгилаб берди. Ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказамиз, деди. Ёш авлоднинг жисмоний, маънавий соғлом, ватанпарвар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Аслида турли ижтимоий гуруҳлардаги қадриятларни ўрганиш масаласи жамиятдаги туб ўзгаришлар туфайли юзага келади. Давлат ва жамиятдаги ўзгаришлар муносабати билан айрим қадриятлар ўз хусусиятини йўқотади, уларга эҳтиёж қолмайди, бошқалари эса фуқароларнинг кўпчилиги учун қадриятга айланади, шунингдек, янгилари ҳам пайдо бўлади. Сўнгги йилларда муваффақият, мансаб ғоялари ва хусусий тижоратни ривожлантириш муҳим санала бошлади. Умуман олганда, оила, иш, фарзанд тарбияси каби барқарор қадриятлар ўзининг маъносини, жамиятда қабул қилиниш жиҳатларини ўзгартирмоқда. Агар бундан бир неча ўн йиллар олдин бирор машғулот кўпчилик учун қизиқарли бўлган бўлса, ҳозирги вақтда муносиб яшаш, мамлакат ривожи йўлида фидойилик кўрсатиб, ютуқларга эришиш имконияти учун мотивация кучайиши юз бермоқда.
Ўтказилган тадқиқотлар тасдиқлаб турибдики, жамоатчилик сўнгги йилларда мамлакатимиз фуқаролари онгида катта ўзгаришлар юз берди, деган фикрда. Сўров иштирокчиларининг 86,6 фоизи фикрича, Ўзбекистонда рўй бераётган ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар фуқаролар, айниқса, ёшлар қадриятлари тизимига таъсир кўрсатмоқда.
Сўровлар 2020 йилда 2017 йилга қараганда, ўзбекистонликларнинг устувор қадриятлари ва ҳаётий қарашлари тизимида сезиларли ўзгаришлар бўлганини қайд этган фуқаролар сони 8,2 фоиз ошганини аниқлаб берди (мос равишда 78,4 фоиз ва 86,6 фоиз). Маънавий-ахлоқий хусусиятлар ва эътиқодлар юртдошларимизнинг асосий қадриятлари сифатида қолаётгани ойдинлашди.
Аксарият фуқаролар фикрича, ҳамюртларимиз учун оила, қариндош ва дўстларга ғамхўрлик қилиш, кексаларга ёрдам бериш, ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, ишонч, меҳр-оқибат, садоқат, ўзаро тушуниш, яқинларига ҳурмат кабилар асосий қадриятлар саналади. Кўпчилик инсонийлик, эзгулик, раҳмдиллик, ўзгалар учун қувониш ва ҳамдард бўлиш Ўзбекистон халқи маънавий-ахлоқий қадриятларининг асоси эканини қайд этди. Бу жиҳатлар, айниқса, коронавирус пандемияси ҳамда Бухоро ва Сирдарё вилоятларидаги фавқулодда вазиятлар вақтида барча фуқаролар инсоний фазилатларини намоён этиб, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари, ёлғиз кексалар, кўп болали оилалар, табиий офатдан жабр кўрганларга моддий-маънавий кўмак кўрсатганида яққол кўринди.
Фуқаролар фикрича, ўзбекистонликларда бошқа миллат ва элат вакиллари билан тинч-тотув яшаш тажрибаси шаклланган. Сабр-тоқат ва бағрикенглик, тотувлик маданияти, мулоқот олиб бориш қобилияти юртдошларимизга хос фазилатдир.
Жамоатчилик Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бой тарихимизни ўрганиш, донишманд аждодларимиз илмий-маънавий меросига ҳурмат билан ёндашиш, уларга муносиб авлодларни тарбиялаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар кенг аҳоли қатлами онгида янгиланишларга туртки бермоқда, деб ҳисоблайди. Сўров иштирокчилари давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги шарафига, ота-боболаримизнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида жанг майдонларидаги жанговар қаҳрамонлиги ва фронторти меҳнаткашларининг меҳнат жасоратига бағишланган “Матонатга қасида” ёдгорлик мажмуаси ва Ғалаба боғи яратилганини мамнуният билан таъкидлади. Респондентларнинг фикрича, мажмуанинг қурилиши Ўзбекистон халқи учун, айниқса, ёш авлодни ўз ватани ва халқига муҳаббат, садоқат руҳида тарбиялаш, халқимиз тарихининг қаҳрамонона саҳифалари, мамлакатимизнинг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси ҳақидаги хотирани сақлашда улкан аҳамиятга эга.
Сўров иштирокчиларига мамлакатимиз фуқароларига хос ижобий ва салбий хусусиятларни айтиш таклиф қилинди. Кўпчилик фикрига кўра, саховатпешалик ва раҳмдиллик ҳамюртларимизнинг энг яхши хислатларидан бири. Фарзандлар болалигидан катталарга ёрдам бериш, кичикларни ҳимоя қилиш, ғамхўрлик кўрсатиш, эътиборли, меҳрибон, хайрихоҳ ва самимий бўлиш руҳида тарбияланади.
Сўров давомида замонавий ёшларнинг ижобий хусусиятлари аниқланди. Респондентларнинг фикрича, ёшларга билим эгаллаш, турли соҳаларга доир янги ахборотларни олиш, аниқ мақсадга эришишга интилиш ва катталарга ҳурмат билан муносабатда бўлиш каби хислатлар хос. Аниқланишича, бозор иқтисодиёти қадриятлари жозибали кучга эга бўлиб, ёшлар орасида қўллаб-қувватланмоқда. Уларда ташаббускорлик, омилкорлик, муваффақиятга эришиш ва карьера қилиш каби қарашлар шаклланмоқда.
Фуқароларнинг фикри, хатти-ҳаракатида юз бераётган туб ўзгаришларни англаш ҳаётнинг барча жабҳаларини демократлаштириш ва либераллаштириш бўйича ижтимоий жараёнларни бошқариш самарадорлигини ошириш ҳамда юзага келаётган муаммоларни бартараф этишда фойдаланиш имконини беради.
Келгусида ижтимоий ривожланишнинг истиқболли, муайян жамоатчилик фикри сўровларининг натижаларига асосланган прогнозларини ишлаб чиқиш зарур. Шу боис, ижтимоий тизимлардаги муносабатлар ва боғлиқликларни очиб беришга имкон берувчи ижтимоий моделлаштириш усулларидан кенг фойдаланиш долзарб аҳамиятга эга. Олдинда Ўзбекистоннинг янги ижтимоий муҳити — демократик, ҳуқуқий ва фуқаролик жамиятини қуришда жамоатчилик фикри сўровларининг аҳамиятини очиб бериш вазифаси турибди.
Зеро, ҳаётий муаммоларга ечим топишда жамоатчилик фикри мониторинги жуда муҳим. Ижтимоий сўров натижалари фуқароларнинг мамлакатда юз бераётган ўзгаришларга бўлган муносабатини аниқлаш, ижтимоий ҳодисалар ва жараёнларнинг ҳолати, динамикасини объектив баҳолаш, қабул қилинаётган қарорлар оқибатларини прогноз қилиш учун аҳамиятли воситага айланиши керак. Бунинг учун таҳлилий, кундалик ҳаётни ҳисобга олувчи тадқиқотлар зарур.
Нигина РАҲИМОВА,
“Ижтимоий фикр” республика
жамоатчилик фикрини ўрганиш
маркази директори