344

"Халқ сўзи" газетаси,
Мақола муаллифи: Бобурмирзо ТЎХТАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси масъул ходими

Маълумки, Президент Фармонига биноан давлат органларида халқаро рейтинглар билан ишлаш масаласини мувофиқлаштириш мақсадида Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилди. Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий тараққиёт даражасини тизимли таҳлил қилиб бориш, амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадларига хизмат қилишини таъминлаш Кенгаш вазифаларидан биридир.

Албатта, мамлакатнинг ривожланиш даражасини кўрсатувчи муҳим омиллардан бири халқаро рейтинг ва индекслардир. Бу халқаро ҳамжамиятдаги обрў ва нуфузни оширишга хизмат қилади.

Халқаро рейтинг ва индексдаги мамлакатимиз ўрнини яхшилаш кўп жиҳатдан қабул қилинган қонунларимизга ва уларнинг жойлардаги ижросига бевосита боғлиқдир. Шу маънода айтадиган бўлсак, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳаларга оид устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш масаласи парламент зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Айтиш керакки, Қонунчилик палатасининг 2020 йилга мўлжалланган Иш режаси ҳамда тегишли ҳужжатларга кўра, Ўзбекистон ХДП фракцияси масъул бўлган бандлари бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, сиёсий-ҳуқуқий соҳага оид устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича тизимли ишлар олиб борилди.

20 август куни фракция йиғилишида мазкур масала муҳокама қилинди. Унда сиёсий-ҳуқуқий соҳага оид устувор халқаро рейтинг ва индексларни таъминлаш юзасидан тасдиқланган чора-тадбирлар режасининг бир қатор бандлари ижроси кўриб чиқилди ва навбатдаги муҳим вазифалар белгиланди. Ушбу масала бўйича масъул депутатларга вазифалар юклатилди.

Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистон Халқ демократик партиясига аъзолар сони 503 114 нафарни ташкил этиб, улар 9 965 та бошланғич партия ташкилотларига бирлаштирилган. Партия аъзолари билан ишлаш, уларнинг сиёсий ва фуқаролик маданиятини шакллантириш ҳамда партия сафига янги аъзоларни қабул қилиш ишлари тизимли йўлга қўйилган.

Хусусан, партия аъзоларининг сиёсий билимини ошириш мақсадида ҳар ойнинг охирги шанбаси бошланғич партия ташкилотида сиёсий ўқув ўтказиладиган кун этиб белгиланди. Бу куни барча вилоят, туман ва шаҳар партия ташкилотлари раҳбар ва масъул ходимлари ўзларига бириктирилган бошланғич партия ташкилотига ташриф буюриб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, шунингдек партия электорати манфаатларига дахлдор бўлган ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий масалалар юзасидан қабул қилинаётган янги қонун, қарор ва фармонларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва тарғиб қилиш ишлари амалга оширилади.

Шунингдек, ўқувларда партиянинг дастурий мақсад, вазифалари ва ғояларини, партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари, депутатлари томонидан олиб борилаётган ишлар партия аъзоларига етказилиши ташкил қилинган.

Партия томонидан «Аёллар ижтимоий ҳимояси - ижтимоий фаоллик пойдевори», «Ёшларга кўмак», «Беш ташаббус – беш имкон», «Депутат маҳаллада», «Меҳр улашинг», «Хотин-қизлар билан мулоқот: муаммо, ечим ва самара», «Аёллар билан юзма-юз» каби лойиҳалар доирасида партия атрофида уюшишга бўлган мойиллигини рағбатланти­риш орқали аъзолари сафини кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда.

Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида «марказ – вилоят – туман» тизими жорий этилган. Бунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида тайёрланаётган қонун лойиҳаларини 1-ўқишдан сўнг партия қуйи бўғинларида, яъни вилоят, туман, шаҳар кенгашларида, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларида кенг муҳокама қилиш, таништириш, қонун лойиҳасига асосли, аниқ хулоса ва таклифларни олиш йўлга қўйилган.

Шунга кўра, жорий йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ишлаб чиқилган ва кўриб чиқилаётган 45 дан ортиқ қонун лойиҳаси жой­ларда муҳокама қилиниб, улар бўйича 100 дан ортиқ таклиф ва фикр-мулоҳа­залар олиниб, тегишли тартибда қўмиталарга тақдим этиб борилмоқда.

Жумладан, «Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмаси тўғрисида»ги, «Транспорт тўғрисида»ги, «Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида»ги, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида, «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 381-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонунлар лойиҳалари жойларга жўнатилиб, таклифлар олинган.

Депутатлар ва партия фаолларининг мазкур масалаларга оид муносабатлари оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб борилмоқда. Жумладан, август-сентябрь ойларида қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 15 та, бошланғич партия ташкилотлари фаолияти, партия сафини янада кенгайтириш маса­лаларга оид 20 дан ортиқ материаллар ОАВда ёритилди.

Ўзбекистон ХДПнинг расмий сайти www.xdp.uz да «Қонун лойиҳалари» рукни очилиб, унда Қонунчилик палатасида кўрилаётган қонун лойиҳалари мунтазам жойлаштирилиб борилмоқда. Жумладан, «Таълим тўғрисида», «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида», «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги ва бошқа 10 дан ортиқ ижтимоий масалаларга оид қонун лойиҳалари партия сайтига муҳокама учун жойлаштирилиб, фуқаролар таклифлари олинди.

«Парламент ва сиёсий партиялар фаолияти тўғрисида фуқароларнинг фикри ва баҳоси: сиёсий партияларга ишонч даражасини аниқлаш» мавзусида социологик тадқиқотлар ўтказишда «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш республика маркази билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Мамлакатнинг ривожланиш даражасини кўрсатувчи муҳим омиллардан бири халқаро рейтинг ва индекслардир. Ўз қобиғига ўралиб қолган давлат халқаро рейтингларда кўрсаткичларини яхшилай олмайди. Бу эса халқаро ҳамжамиятдаги обрў ва нуфузга салбий таъсир ўтказади. Мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш масалалари шу жиҳатдан катта аҳамиятга эгадир.

Мақолага ўтиш