3

КЕКСАЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ ФАОЛЛИГИГА ОИД ДОКТОРЛИК ДИССЕРТАЦИЯСИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида Ўзбекистон Миллий университети тадқиқотчиси Собир Джумаевич Ходжаевнинг 22.00.02 - «Ижтимоий тузилиш, ижтимоий институтлар ва турмуш тарзи» ихтисослиги бўйича социология фанлари доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун тайёрлаган «Ўзбекистонда ўзгаришлар шароитида кексаларнинг ижтимоий фаоллиги: социогеронтологик таҳлил» мавзусидаги диссертацияси етакчи ташкилот сифатида муҳокамадан ўтказилди.

Муҳокама жараёнида тадқиқот мавзусининг долзарблиги, мақсад ва вазифалари, назарий-методологик асослари, эмпирик натижалари, илмий янгилиги ҳамда амалий аҳамияти атрофлича таҳлил қилинди. Диссертацияда Ўзбекистон шароитида кекса авлод вакилларининг ижтимоий фаоллигини баҳолаш, уларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш ҳамда фаол кексайишга хизмат қилувчи институционал механизмларни такомиллаштириш масалалари ўрганилган.

Тадқиқотнинг эмпирик базасини 2023 йилнинг август–ноябрь ойларида Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Хоразм, Самарқанд ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида 55 ёш ва ундан катта бўлган 3017 нафар респондент иштирокида ўтказилган социологик сўров натижалари ташкил этган. Маълумотлар планшет воситасида юзма-юз интервью усулида тўпланган ва SPSS дастурида қайта ишланган.

Диссертацияда кексаларнинг иқтисодий фаоллиги, жамоатчилик ва волонтёрликдаги иштироки, норасмий парвариш, маданий-ижтимоий ҳамда рақамли фаоллигини қамраб олувчи миллий индикаторлар тизими ва «фаол кексайиш индекси» ишлаб чиқилган. Шунингдек, маҳалла, «Нуроний» тизими, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ижтимоий хизмат кўрсатувчи тузилмалар ҳамкорлигига асосланган «кексага мос жамоа» модели таклиф этилган.

Муҳокамада тадқиқот натижаларининг давлат ижтимоий сиёсатини такомиллаштириш, кексаларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, «кумуш бандлик» имкониятларини кенгайтириш, авлодлараро бирдамлик ва «кекса–ёш» устозлик тизимини ривожлантиришдаги аҳамияти алоҳида қайд этилди.

Марказ олимлари ва мутахассислари диссертациянинг илмий-назарий ҳамда амалий жиҳатлари юзасидан фикр ва мулоҳазаларини билдириб, ишни янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар бердилар. Муҳокама якуни бўйича диссертация ишига етакчи ташкилотнинг тегишли хулосаси қабул қилинди.