4

"Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари" илмий журналининг 2025 йил 2-сони нашр этилди

Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини илмий-амалий таҳлил қилиш, фуқаролик жамияти тараққиётини қўллаб-қувватлаш ва инсон ҳуқуқларини оммалаштиришга хизмат қилувчи етакчи илмий-ахборот нашри “Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари” журнали ўзининг 2025 йилги 2-сони нашр этилди. Ушбу сон мамлакатдаги ижтимоий жараёнлар, фуқаролик фаоллиги, сиёсий модернизация, маънавий тафаккур, гендер тенглик, миграция, ахборот хавфсизлиги ва бошқа муҳим масалаларни қамраб олган ҳолда, замонавий Ўзбекистоннинг турли қирраларини илмий таҳлил этишга қаратилган.

Журнал саҳифаларида жамоатчилик фикри нуқтаи назаридан стратегик ташқи сиёсат устуворликлари, ўрта синфнинг жамиятдаги барқарор ижтимоий позицияси, кўп болали оилалардаги шахслараро муносабатларнинг ижтимоий-психологик таҳлили, ижтимоий тармоқларнинг ёшларнинг оилавий муносабатларга таъсири каби муаммолар илмий ёндашув асосида ёритилган. Шунингдек, гендер тенглик ва ҳуқуқий ислоҳотлар, ногиронлиги бўлган аёлларнинг ҳуқуқий ҳимояси, давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар, ахборот-рақамли хавфсизликнинг ҳуқуқий асослари мавзуларига бағишланган мақолалар мамлакатдаги янгиланиш жараёнларининг социологик ва ҳуқуқий манзарасини очиб беради.

Мазкур журналда “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан амалга оширилган сўров натижаларига асосланган таҳлилий материал ҳам эълон қилинган. Унда аҳоли ўртасидаги китобхонлик маданияти, мутолаага бўлган қизиқишлар ва афзалликлар батафсил ёритилган. Бу сўров натижалари мамлакатда маънавий қадриятлар, билимга интилиш ва интеллектуал муҳитнинг барқарорлашувида жамоатчиликнинг қандай ўрин тутаётганини англашда муҳим манба вазифасини ўтайди.

Ушбу журнал сонидаги ҳар бир мақола муаллифлари етакчи социологлар, ҳуқуқшунослар, сиёсатчилар, тарихчилар ва файласуфлар бўлиб, улар мамлакатнинг турли илмий муассасаларида фаолият юритмоқда. Уларнинг илмий етуклиги, соҳавий тажрибаси ва таҳлилий қобилияти журналнинг умумий интеллектуал салоҳиятини белгилаб берган.

Журнал, аввало, ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасида тадқиқот олиб бораётган олимлар, сиёсий ва фуқаролик институтлари вакиллари, таҳлилчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда жамиятдаги ўзгаришлар моҳиятини чуқурроқ тушунишни истаган кенг ўқувчилар қатлами учун мўлжалланган.