05.02.2026
7
Атоқли олим, устоз, илм-фан ва маърифатда етакчи, оташқалб, толмас инсон
2026 йил 2 февраль куни атоқли иқтисодчи олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Қаландар Ходжаевич Абдураҳмонов ўзининг 80 йиллик юбилейини нишонлайди. Унинг ҳаёти ва фаолияти илм-фан, маърифат ва мамлакат иқтисодий тафаккурини ривожлантиришга фидокорона хизмат қилишнинг ёрқин намунаси ҳисобланади. Олимнинг билими, тажрибаси ва кўп йиллик меҳнати янги авлод мутахассисларини тайёрлаш ва Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса бўлиб қўшилди.
1946 йил 2 февралда Қашқадарё вилоятида туғилган Қаландар Абдураҳмонов истеъдодли оддий талабадан бошлаб, то эътироф этилган илмий мактаб етакчисигача бўлган йўлни босиб ўтди. У Г.В.Плеханов номидаги Москва халқ хўжалиги институтини (ҳозирги Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетини) тамомлаши билан аспирантурага йўлланма олди — бу фақат энг иқтидорлиларга бериладиган нодир имконият эди. Ёш олим 1973 йилда «Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналарида ишчи кадрларни тайёрлаш муаммолари» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Унинг педагогик фаолияти 1973 йилдан Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бошланди. Академик мартаба пиллапояларидан йилма-йил кўтарилиб — ўқитувчиликдан кафедра мудиригача, доцентликдан профессоргача, «Умумий иқтисодиёт» факультети декани ўринбосаридан Тошкент давлат иқтисодиёт университети проректоригача, сўнгра Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали директори лавозимигача бўлган йўлда Қаландар Ходжаевич ўз истеъдодига — билим бериш ва янги олимлар авлодини тарбиялаш ишига ҳамиша содиқ қолди.
Йиллар ўтгани сайин унинг касбий фаолияти доираси тобора кенгайиб, нафақат ўқитувчилик ва маъмурий ишларни, балки илмий тадқиқотлар, нашрлар ва халқаро ҳамкорликни ҳам қамраб олди. Қаландар Ходжаевич доимо қатъий академик ёндашувни талабаларга бўлган самимий қизиқиш, ҳамкасбларини руҳлантириш ва ёш олимларни қўллаб-қувватлаш қобилияти билан уйғунлаштира олди. Унинг маърузалари ҳақиқий воқеликка, илмий ишлари эса иқтисодиёт фанига қўшилган муҳим ҳиссага айланди.
Ўнлаб йиллар давомида у кўплаб авлод олимлари ва ўқитувчилари учун устоз, маслаҳатчи ва таянч бўлиб, уларнинг дунёқараши, касбий маҳорати ва билимга бўлган муҳаббатини шакллантирди. Унинг раҳбарлигида тадқиқот мактаблари ташкил этилди, инновацион лойиҳалар амалга оширилди, Ўзбекистон ва унинг ташқарисида иқтисодиёт фани учун янги уфқлар очилди. Каландар Ходжаевич Абдураҳмонов олим, педагог ва раҳбар сифатида ноёб уйғунлик намунаси бўлиб қолмоқда, унинг ғайрати, оқиллиги ва фидойилиги илм-фан ва таълим йўлидан бораётган ҳар бир кишини илҳомлантиради.
Академик Қаландар Ходжаевич Абдураҳмонов ҳақли равишда Ўзбекистон меҳнат иқтисодиёти муаммолари бўйича илмий мактабнинг асосчиси ҳисобланади. Унинг номи мамлакат замонавий иқтисодиёт фанининг муҳим қисмига айланган ушбу йўналишнинг шаклланиши ва ривожланиши билан узвий боғлиқдир. У яратган илмий мактаб меҳнат муносабатлари, бандлик ва инсон капиталини таҳлил қилишга бўлган ёндашувларни белгилаб берувчи олимлар, тадқиқотчилар ва амалиётчиларни бирлаштирди.
Олимнинг илмий мероси ўз кўлами ва географияси билан ҳайратда қолдиради. Унинг монографиялари, дарслик ва ўқув қўлланмалари нафақат Ўзбекистонда, балки унинг сарҳадларидан анча олисда — АҚШ, Германия, Франция, Португалия, Норвегия, Хитой, Малайзия, Индонезия, Финляндия, Жанубий Корея, Япония ва Россияда нашр этилган. Бу ишлар академик муҳитда кенг тан олиниб, дунёнинг турли мамлакатларидаги талабалар, ўқитувчилар ва мутахассислар учун муҳим билим манбасига айланди.
Олимнинг илмий меросида етти марта қайта нашр этилган фундаментал «Меҳнат иқтисодиёти» дарслиги алоҳида ўрин тутади. Кўп йиллар давомида у минглаб талабалар, аспирантлар ва тадқиқотчилар учун асосий қўлланма бўлиб хизмат қилди ва бир неча авлод иқтисодчиларининг профессионал тафаккури шаклланишига катта таъсир кўрсатди.
Ҳатто саксон ёшлик довонни забт этган бўлса-да, академик Қаландар Ходжаевич Абдураҳмонов замонавий иқтисодиёт фанининг асосий арбобларидан бири бўлиб қолмоқда. Унинг интеллектуал куч-ғайрати ва илмий маҳсулдорлиги меҳнат иқтисодиёти соҳасидаги тадқиқотлар ривожи йўналишини белгилаб бермоқда. Олимнинг айни йиллардаги ижодий жўшқинлиги — чинакам илмий бардавомлик ҳамда академик билим идеалларига садоқат билан хизмат қилишнинг нодир намунаси бўлиб ҳисобланади.
2025 йил унинг илмий биографиясида чинакам муҳим босқич бўлди. Айнан шу даврда таҳлилнинг теранлиги ва муаммолар қамрови бўйича тенги йўқ фундаментал асарлар нашр этилди. Россия Фанлар академияси Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академиясининг (РАНХиГС) нуфузли «Дело» нашриётида чоп этилган 740 саҳифали «Современная экономика труда» («Замонавий меҳнат иқтисодиёти») монографияси иқтисодий назария ва амалиёт ривожига қўшилган салмоқли ҳисса бўлди. Монографияда Муаллиф кўп йиллик тадқиқот тажрибасини умумлаштирган ҳолда, глобал технологик ва цивилизацион ўзгаришлар шароитида меҳнат бозори трансформациясининг яхлит манзарасини тақдим этди.
Ушбу ишнинг мантиқий давоми сифатида шу йили Тожикистон ва АҚШда халқаро нашрлар дунё юзини кўрди. Тожик ва инглиз тилларида чоп этилган «Иқтисоди меҳнат дар асри зеҳни сунъӣ» ва «Labor Economics in the Era of Artificial Intelligence» китоблари Қаландар Ходжаевичнинг илмий ғояларини глобал академик маконга олиб чиқди, уларнинг умумбашарий хусусиятини ҳамда жаҳон илмий ҳамжамиятида юқори даражада эътироф этилгани ва катта эҳтиёж мавжудлигини тасдиқлади.
Айниқса, олимнинг сунъий интеллект, рақамлаштириш, “яшил” иқтисодиёт ва барқарор ривожланишнинг замонавий меҳнат бозорига таъсирига бағишланган тадқиқотлари алоҳида аҳамиятга эга. Бу ишларда Абдураҳмонов нафақат юз бераётган ўзгаришларни қайд этади, балки XXI асрда меҳнат муносабатлари ва инсон капиталини ривожлантиришга концептуал ёндашувларни таклиф қилиб, келажакнинг илмий парадигмасини шакллантиради.
Қаландар Ходжаевичнинг бугунги кунда ҳам тинимсиз бойиб бораётган илмий мероси ҳақли равишда Ўзбекистон иқтисодиёт фанининг интеллектуал пойдевори ҳамда жаҳон иқтисодий тафаккурига қўшилган салмоқли ҳисса сифатида эътироф этилади. Унинг илм-фанга садоқат билан хизмат қилиши — ҳақиқий илм ёшда чегара билмаслигини, чинакам олим эса унинг фикри, тажрибаси ва донишмандлигига эҳтиёж бор экан, ҳамиша сафда қолишини ишончли тарзда исботламоқда.
Академик Қаландар Ходжаевич Абдураҳмоновнинг энг асосий ва чинакам бебаҳо бойлиги унинг шогирдлари ҳисобланади. Айнан уларда олим илмий тақдирининг, унинг ғоялари ва маънавий қудратининг барҳаёт давоми намоён бўлади. У лекциялар ўқиган аудиториялардан ўнлаб фан докторлари ва номзодлари, юзлаб магистр ва бакалаврлар етишиб чиқди; улар устознинг илмий маданияти, тафаккурга талабчанлиги ҳамда билишга бўлган самимий ва жўшқин иштиёқини ўзига сингдириб олдилар.
Ярим асрдан зиёд давом этаётган педагогик фаолият бутун бир тадқиқотчилар авлоди шаклланиши даврига айланди. Улар учун Қаландар Ходжаевичнинг номи Устоз деган юксак шарафли ном билан уйғунлашиб кетди. У Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузуридаги Илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш раиси сифатида кўплаб ёш олимларнинг камол топишида, уларнинг илм-фанда илк ишончли қадамларини қўйишида ва ўзининг тадқиқотчилик овозини топишида ҳал қилувчи роль ўйнади.
Унинг илмий раҳбарлигида юзга яқин фан номзодлари ва докторлари тайёрланди. Олим томонидан асос солинган «Инсон капитали ва сунъий интеллект» илмий мактаби иқтисодиёт фанининг классик анъаналарини XXI асрнинг илғор технологиялари билан бирлаштирган энг истиқболли ва жадал ривожланаётган тадқиқот майдонларидан бирига айланди. Айнан шу ерда стратегик фикрлай оладиган ва давр даъватларига муносиб жавоб беришга қодир янги авлод олимлари шаклланмоқда.
Бугунги кунда академик Абдураҳмоновнинг шогирдлари дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги етакчи университетлар ва тадқиқот марказларида, давлат бошқаруви органлари ва халқаро тузилмаларда фаолият юритмоқда. Улар Устознинг ғояларини давом эттириб ва ривожлантириб, билим эстафетасини кейинги авлод талабалари ва тадқиқотчиларига узатмоқдалар.
Олимнинг чинакам илмий барҳаётлиги ҳам айнан мана шунда. Зеро, ғоялар шогирдлар ва издошлар меҳнатларида яшаса, кўпайса ва янги шаклларда намоён бўлса, демак, илмий мактаб тақдирга, Устознинг исми эса илм-фан тарихининг бир қисмига айланади. Академик Абдураҳмонов ҳамиша илм-фан амалиётга хизмат қилишига, иқтисодиёт ва жамиятнинг реал муаммоларини ҳал этишга ёрдам беришига интилиб келган. У республика меҳнат, бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муаммоларини ўрганиш Илмий маркази директори лавозимидаги фаолияти давомида мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий сиёсатини шакллантиришга беқиёс ҳисса қўшди.
Г. В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиалига раҳбарлик қилар экан, академик Қаландар Ходжаевич Абдураҳмонов халқаро илмий ҳамкорликнинг мустаҳкам кўприкларини бунёд этиш, таълим дастурларини ривожлантириш ва янги авлод мутахассисларини — глобал иқтисодиёт даъватларига нафақат жавоб беришга қодир, балки уларни ижодий равишда ва жасорат билан ислоҳ қила оладиган кадрларни шакллантиришда давом этмоқда. Унинг таълим ва илм-фан борасидаги қарашлари академик қатъият анъаналарини замонавий дунё динамикаси билан уйғунлаштиради ва унинг ҳар бир лойиҳасини мамлакат ҳамда халқаро ҳамжамият учун чинакам инновацион ва аҳамиятли қилади.
Қаландар Ходжаевичнинг хизматлари кўплаб фахрий мукофот ва унвонлар билан тақдирланган. У — Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, Ўзбекистон Республикаси олий таълим аълочиси, Россия Федерацияси олий касбий таълимининг фахрий ходими, рус тилини кенг тарғиб қилишга қўшган улкан ҳиссаси учун Пушкин медали соҳиби, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреатидир. Унинг номи илмий нуфуз ва халқаро эътироф рамзига айланган: у Ўзбекистон Фанлар академияси, Халқаро олий мактаб фанлар академияси, Россия табиий фанлар академияси, Нью-Йорк фанлар академияси аъзоси, Индонезиянинг «Гунадарма» университети фахрий докторидир. Бу унвонлар — унинг ғоялари юксак қийматга эга эканлиги, билимларининг теранлиги ва жаҳон илм-фанига қўшган чексиз ҳиссасининг далолатидир.
Ўзининг улуғвор ёшида ҳам академик Абдураҳмонов ҳайратланарли даражада фаол, серғайрат ва илҳомбахш инсон бўлиб қолмоқда. У дарс бериш, тадқиқотларни бошқариш, мақола ва монографиялар ёзиш, конференцияларда иштирок этиш ва илмий журналларни таҳрирлаш ишларини тинимсиз давом эттирмоқда. Унинг илмий қизиқишлари замонамизнинг сунъий интеллектдан “яшил” иқтисодиётгача, рақамлаштиришдан барқарор ривожланишгача бўлган энг долзарб ва илғор йўналишларини қамраб олган. Олимнинг ҳар бир иши, ҳар бир чиқиши ва ҳар бир устозлик ўгити — янги авлод олимлари қалбида билимга интилиш оловини ёқувчи учқундир.
Бундай толмаслик кучи ва оташқалблик — шунчаки феъл-атвор хусусияти эмас, балки ўзини илм-фан ва жамиятга хизмат қилишга бағишлаган инсоннинг ҳаёт фалсафаси, асл миссиясидир. Унинг ҳаётга теран ёндашуви ва идеаллари устоз аудиторияси ва илмий мактабларидан ўтган, унинг тадқиқотга бўлган жўшқин иштиёқи ва илмий тафаккурнинг юксак стандартларини қабул қилган юзлаб шогирдлари учун ҳаётий эътиқодга айланди.
Юбилей кунида академик Қаландар Ходжаевичга илм-фан, таълим ва иқтисодий тафаккур ривожи йўлида қилган барча ишлари учун чексиз миннатдорчилик изҳор этамиз. Унинг асарлари Ўзбекистоннинг замонавий меҳнат иқтисодиёти учун мустаҳкам пойдеворга айланди, шогирдлари эса миллий ва халқаро илмий ҳамжамиятнинг олтин фондидир. Академикнинг юбилейи — бу илҳом, донишмандлик ва илмга садоқат байрами бўлиб, илм-фан ва жамиятга Қаландар Ходжаевич Абдураҳмонов каби бекаму кўст хизмат қилишга интилувчи барча авлодлар учун юксак ибрат намунасидир.
Нигина Рахимова,
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директори, иқтисодиёт фанлари доктори





