58

«Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт» доимий илмий-амалий семинарининг 

«ЖАМИЯТ БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШИНИНГ АСОСИ СИФАТИДА ТАЪЛИМНИ ТАРКИБИЙ МОДЕРНИЗАЦИЯЛАШ»

мавзусидаги халқаро мажлиси

ПРЕСС – РЕЛИЗИ

2023 йил 1 декабрь куни «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон социологлари ассоциацияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт” доимий илмий-амалий семинарининг халқаро мажлиси бўлиб ўтди. Семинар мажлиси академик олима Раъно Убайдуллаева номидаги йиллик социологик ўқишлар доирасида ўтказилди.

Семинарнинг мавзуси: «Жамият барқарор ривожланишининг асоси сифатида таълимни таркибий модернизациялаш».

Мамлакатимиз таълим мактабининг ижтимоий-иқтисодий мазмуни ва амалдаги фаолияти, таълим хизматлари бозорини шакллантириш ва уни Ўзбекистон иқтисодиёти шароитларига мослаштиришнинг ташкилий механизми ва бошқарув усулларини махсус ўрганиш ўзига хос илмий ва амалий аҳамиятга эга. Агар таълим соҳасини тез ва оғриқсиз модернизациялашга муваффақ бўлинса, бу бошқа ижтимоий соҳаларда ҳам худди шундай ўзгаришларнинг ўзига хос бошланиши бўлади. Бироқ маҳаллий ишлаб чиқариш динамикасининг объектив тенденциялари ҳисобга олинмасдан модернизациялашган таълим тизими маъмурий, юзаки характерга эга бўлишини ёддан чиқармаслик зарур.

Барча даражадаги таълим жараёнини такомиллаштириш муаммосининг долзарблиги шахснинг таълим эҳтиёжлари ва иқтисодиёт талабларининг хилма-хиллиги, ахбороткоммуникация технологиялари ва ягона ахборот маконининг
ривожланиши, инсон интеллектуал салоҳияти аҳамиятининг ортиб бориши билан тавсифланган шароитларда уни очиқ, ўзини ўзи ташкил этувчи ижтимоий-педагогик тизим сифатида ривожлантириш зарурати билан боғланади.

2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш доирасида “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирларини изчиллик ва интенсивлик билан амалга ошириш белгиланган.

Семинар ишида давлат ва жамоат ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, олимлар, докторантлар, ёш тадқиқотчилар, социология соҳасининг мутахассислари, магистрлар, талабалар иштирок этдилар. Иштирокчилар халқаро илмий-амалий семинар улар учун ҳамкасблари билан анжуман мавзусининг долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва уларнинг ечимини топиш имконини берган муҳим илмий воқеа бўлганлигини таъкидладилар.

Семинар натижаси - “Жамият барқарор ривожланишининг асоси сифатида таълимни таркибий модернизациялаш” мавзусидаги тўпламнинг тақдимоти бўлди. Тўпламдан социология ва жамоатчилик фикрини ўрганиш, иқтисод ва сиёсатшунослик, тарих ва этнография соҳасидаги етакчи тадқиқотчи ва амалиётчиларнинг илмий мақолалари ўрин олган.

Илмий-амалий семинар ҳозирги тарихий даврга хос бўлган жадал глобал ўзгаришлар шароитида мамлакатимиз таълим тизимини ислоҳ қилиш жараёнини ўрганиш юзасидан мунозараларга бой бўлиб ўтди.

Семинар иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар, қизиқарли мунозаралар ва тажрибалари асосида қизғин тарзда бўлиб ўтди.  

 

Тўлиқ шарҳни юклаб олиш