19.10.2021
440
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни олдидан ҳамда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йиллиги муносабати билан «Қадринг баланд бўлсин, она тилим!» мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ушбу тадбир “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: назария, услублар, амалиёт” мавзусидаги доимий илмий-амалий семинар доирасида ўтказилди.
Марказ раҳбариятининг байрам табригидан сўнг 7 хил миллат вакиллари меҳнат қилаётган Марказ жамоаси ўртасида “Бугун ўзбек тилида сўзлашамиз” акцияси ўтказилди. Турли миллатга мансуб ходимларнинг ўзбек тилидаги чиқишлари давлат тилига кўрсатилган ҳурмат-эътиборнинг ифодаси бўлиб, жуда қизиқарли бўлди.
Шундан сўнг Ўзбек тили байрамига бағишлаб тайёрланган видеолойиҳа тадбир иштирокчилари эътиборига тақдим этилди. Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти томонидан Марказга тақдим этилган китоблар тақдимоти ўтказилди.