571

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан азиз юртдошларимизга байрам табриги йўллади.

14 январь - Ўзбекистонда мамлакатимиз озодлиги, мустақиллигининг ишончли ҳимояси йўлида сарҳадларимизда ҳушёр туриб, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаётган юрт посбонлари - Ватан ҳимоячилари куни ҳақиқатан ҳам умумхалқ байрами ҳисобланади. Ўзбекистонликлар учун бу қутлуғ кун заҳматкаш халқимизнинг буюк кучи ва қудратига бўлган юксак ишонч, ўз Ватанига чексиз муҳаббат ва садоқат рамзи, ўз оилаларига ғамхўрлик қилиш ва уларнинг муносиб ҳимоясини таъминлаш ифодасидир.Ватан ҳимоячилари куни мамлакатимиз озодлиги ва мустақиллигининг ҳимояси йўлида жон фидо қилган аскарларимизнинг тарихий хотирасини ёд этишдек муқаддас бурчни адо этиш бутун Ўзбекистон халқини янада жипслаштиради.  

Ватан ҳимоячиси - энг шарафли ва олий касб эканлигини яхши билган йигитларимиз ҳар томонлама баркамол, жисмонан ва маънан муносиб аскар бўлиш зарурлигини яхши англайдилар ва ушбу хислатларни эгаллашга ҳаракат қиладилар. Зеро, улар Ватан ҳимояси ҳаёт-мамот масаласи эканлигини, уларнинг тақдири эл-юрт тақдири билан шу нуқтада туташишини англаб етганлар. Ватанни, халқини ва оиласини ҳимоя қилиш эркак кишининг шарафли бурчидир. Шу азиз юртда туғилиб-ўсган ҳар бир йигитнинг қуролли кучлар сафида хизмат қилиши Ватан ҳимоясининг рамзидир. Чегарани қўриқлаш Ватанни муҳофаза қилишдир, бунга доим тайёр туриш ҳар бир ўғлоннинг қалбига жо бўлган муқаддас ватанпарварлик ҳисси бўлиши лозим.Бугунги қутлуғ байрам кунида Ватан ҳимоячилари сафидаги ботир ва жонкуяр фарзандларни тарбиялаб вояга етказган муҳтарам ота-оналарга, ҳарбий хизматчиларимизга ўз муқаддас бурчини адо этишда ҳамиша тоғдек таянч бўлиб келаётган уларнинг оила аъзоларига чуқур миннатдорчилик билдирамиз.  

Бугун нафақат ҳарбийларни, Ватанимиз ҳимоячиларини, балки Ўзбекистоннинг манфаатлари, унинг фаровонлиги йўлида бутун борлиғи, билими, салоҳияти ва куч-қувватини, керак бўлса, жонини фидо қилишга тайёр бўлган барча ватанпарвар юртдошларимизни ҳам табриклаш мақсадга мувофиқдир.

Барчангизга жонажон Ватанимиз - Ўзбекистоннинг, хонадонингиз ва оилангизнинг ҳақиқий ҳимоячиси бўлишингизни тилаймиз. Сизларга сиҳат-саломатлик, бахт, тинчлик ва фаровонлик ҳамиша ёр бўлсин! 

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази жамоаси.