22.01.2021
441
2020 йил давомида «Ижтимоий фикр» Маркази томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоби
Жорий йилнинг 21 январь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказининг 2020 йил мобайнида амалга оширилган тадқиқотлар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда Марказ масъул ходимлари, социолог олимлар, тадқиқотчилар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Анжуман иштирокчиларига Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари бўлган - жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожланиши соҳасида жамоатчилик фикрини ўрганиш ва таҳлил қилиниши юзасидан маълумот берилди.
“Ҳисобот даврида жамоатчилик фикрини ўрганиш учун амалга оширилган социологик тадқиқотлар сони 2019 йил кўрсаткичига нисбатан кескин ошиб, (30 та тадқиқот) 2020 йилда 31166 нафар респондентни қамраб олган 62 та социологик сўров ўтказилди”, деди Марказнинг ижрочи директори Хаджимухамедов Марат Каримович.
Шунингдек, тадбир давомида Марказ ходимлари ва социологлари бугунги кунда амалга оширилаётган социологик тадқиқотлар мамлакатнинг динамик ривожланиши билан боғлиқ бўлган кўплаб муаммолар ҳамда жамият ҳаётидаги кенг кўламли долзарб масалаларни ўрганишдаги аҳамияти хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтишди.
Тадқиқотчи олимлар иштирокида социология фани доирасида ўтказиладиган илмий-амалий конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар ва маҳорат дарслари ҳамда Марказ ташаббуси билан ҳар чоракда чоп этиладиган “Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари” журнали тўғрисида ҳисобот берилди.
Матбуот анжумани сўнггида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадди вакиллардан жавоб олишди. Очиқ ва шаффоф руҳда ўтган тадбир давомида социологик сўровларни ўтказиш ва уларнинг натижаларини ёритишда бевосита ОАВ билан кенг ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида келишувга эришилди.