06.03.2021
569
Тадқиқот давомида хотин-қизларнинг замонавий Ўзбекистон жамиятидаги роли, хотин-қизларнинг қадриятга оид асосий устуворликлари, ҳаётий мақсадлари ва нуқтаи назарлари ўрганилди.
Республиканинг барча вилоятлари ва минтақаларида ўтказилган сўровда 18 ва ундан катта ёшдаги эркаклар ва аёллар, шаҳарликлар ва қишлоқ аҳолиси, турли миллат, ижтимоий гуруҳ вакиллари, ишлаб чиқаришнинг турли соҳа ва тармоқларида банд бўлганлар иштирок этдилар.
Ўтказилган сўров 8 Март байрамининг мамлакат аҳолиси, айниқса, Ўзбекистон жамиятининг хотин-қиз вакиллари ўртасида катта меҳр-муҳаббат ва оммавийликка сазоворлигини кўрсатди. Баҳорий 8 Март куни хотин-қизлар анъанага кўра чин юракдан билдирилган энг илиқ истакларни қабул қиладилар, эркаклар томонидан ғамхўрлик намоён қилиниши уларнинг ҳаётини шоду хуррамлик, гўзаллик ва мазмун билан бойитади.
Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, сўровда қатнашган кўпчилик хотин-қизлар (85,3%) байрамни кўтаринки, шоду-хуррамлик кайфиятида кутиб олмоқдалар. Телефон сўрови иштирокчилари жавобларида ўзларидаги ижобий кайфият, энг аввало, баҳор фасли, табиатнинг янгиланиши билан, ҳаётнинг яхшиланишига, ҳаётий мақсадларнинг амалга ошишига ижобий умидлар ҳамда яқинлар ва қариндошлар, ҳамкасблар ва дўстлар томонидан кўрсатиладиган алоҳида эътибор билан боғлиқлигини қайд этдилар.
Телефон сўрови жараёнида хотин-қизлар ўзларининг 8 Март арафасидаги фикрлари, орзу-умидлари ва ҳиссиётлари билан ўртоқлашдилар:
8 Март – бу баҳорнинг бош байрами, гуллар ва яхши кайфият байрами! Ушбу кун истисносиз барча хотин-қизлар гўзал ва мафтункор бўлади.
Тадбиркор, Фарғона вилояти
***
8 Март – бу баҳор, севги-муҳаббат, гўзаллик ва нафосат байрами. Баҳор биз хотин-қизларга бағишланган байрам билан бошланиши ғоят ёқимлидир.
Ҳамшира, Самарқанд вилояти
***
Хотин-қизлар байрами – бувижонларимизни, онажонларимизни, опа-сингилларимиз ва ўзимизга яқин бошқа хотин-қизларни табриклаш, улар билан учрашиш ва табриклаш учун учун ажойиб баҳонаи сабабдир.
Талаба қиз, Бухоро шаҳри
Телефон сўрови респондент хотин-қизларнинг Халқаро хотин-қизлар байрамини нишонлашдан кутаётган асосий орзу-умидлари рейтингини тузишга имкон берди.
Чунончи, сўров иштирокчилари бўлган хотин-қизларнинг билдиришича, улар
8 Март байрамида биринчи навбатда ўз қариндошлари ва яқин кишиларидан алоҳида эътибор, ўзгача меҳр-муҳаббат ва ғамхўрлик кутишади, буни яқинларнинг ҳар бири ўзича намоён қилади, аммо у алоҳида эътиборли ва ноодатий бўлиши керак.
Қариндошлар ва яқинлардан олинадиган совғалар Хотин-қизлар байрами билан боғлиқ орзу-умидлар рейтингида иккинчи ўринда қайд этилди. Айни пайтда хотин-қизларнинг қайд этишларича, улар учун совғалар олиш яқинлар ва қариндошлар томонидан эътибор, ҳурмат ва ғамхўрликнинг дастлабки муҳим аломатларидан бири ҳисобланади.
Хотин-қизлар гулларни 8 Март байрамидан кутилаётган орзу-умидларнинг учинчи ўрнида айтишди, гулларни улар ҳар йили ўз яқинларидан алоҳида сабрсизлик билан кутишади. Хотин-қизлар ўз жавобларида гуллар улар учун яқинларининг меҳр-муҳаббати, аёллик нафосати ва гўзаллик рамзини ифодалашини, ижобий кайфиятни ошириши, қувонч ва кўтаринкилик кайфиятига сабаб бўлишини қайд этдилар.
Умуман олганда, телефон сўрови натижалари аёлларнинг жамиятдаги роли ва мақомини ошириш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида тўлақонли иштирокини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигидан далолат бериб турибди. Иштирокчиларнинг фикрича, сўнгги йилларда мамлакатимизда яратилган шарт-шароитлар туфайли хотин-қизларнинг жамиятдаги мақоми ошди, уларнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ўсиб бормоқда. Ўзбекистоннинг замонавий аёли ўзининг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини рўёбга чиқариб, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини модернизация қилиш ва янгилашда фаол иштирок этмоқда.
Тадқиқот натижалари ҳақида қуйида тўлиқ билишингиз мумкин: ТАДҚИҚОТ