10.03.2021
574
Сўнгги йилларда аёлларнинг давлат ва жамият ҳаётига интеграциялашуви сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди десак муболаға бўлмайди. Ҳозирги кунда жуда кўплаб хотин-қизларимиз мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётининг барча жабҳасида муносиб фаолият юритиб келмоқда. Жамиятда ўз сўзи ва ўз ўрнига эга бўлган аёлларнинг кўпайишига аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Куни кеча давлатимиз раҳбари Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида шундай сўзларни айтиб ўтди: “Бугунги кунда азизу мукаррам аёлларимизнинг барча соҳа ва тармоқлардаги ўрни ва таъсири янада ортиб бормоқда. Бунинг тасдиғини республикамизда меҳнат билан банд аҳолининг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётганида ҳам яққол кўриш мумкин.
Аёлларимиз орасида таниқли давлат ва жамоат арбоблари, жумладан, ўнлаб сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлар, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, академиклар, профессорлар, Ўзбекистон халқ шоиралари, Халқ ўқитувчилари, Халқ артистлари, нодавлат ташкилотларнинг фаол вакиллари борлиги барчамизни қувонтиради.
Ҳозирги вақтда мамлакатимиз бошқарув тизимида аёлларнинг улуши 33 фоизга етди. Юртимиз бўйича бир ярим мингга яқин хотин-қизлар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида ишламоқда. Хусусан, ташкилотчи ва ташаббускор опа-сингилларимиз 6 та туманда ҳоким вазифасида, юзлаб ҳудудларимизда ўринбосар ва маслаҳатчи лавозимларида самарали фаолият кўрсатмоқда. Йирик корхоналар, банклар ва компаниялар, тадбиркорлик субъектларини бошқармоқда.
Ана шундай катта салоҳиятни янада ошириш, давлат ва жамият бошқарувида уларнинг иштирокини кучайтириш мақсадида 6 мингдан зиёд фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар заҳираси шакллантирилди.
Бундай замонавий билим ва истеъдодга, етакчилик қобилиятига эга, эл-юртимиз учун фидойи хотин-қизларимиз – халқимиз, миллатимизнинг олтин фонди, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди”.
Дарҳақиқат бугунги кунда давлат ва жамият қурилишининг турли жабҳаларида аёллар илдам қадам ташламоқда. Жумладан, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директори, иқтисодиёт фанлари доктори РАХИМОВА Нигина Хайруллаевна ўзининг иш фаолияти давомида кўпчиликка ўрнак бўлиб келмоқда. Н.Х. Рахимова фахрли равишда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати мутахассислари Ижтимоий ва иқтисодий ташаббуслар институти экспертлари билан ҳамкорликда тузилган Ўзбекистоннинг давлат ва жамият бошқарувидаги аёллар рўйхатидан ўрин олди.
Таъкидланишича, рўйхатни тузишда аёлларнинг фуқаролик жамиятидаги имижи, улар ишлаётган ташкилотларнинг сиёсий кун тартибини шакллантириши, соҳаларни ривожлантириши ҳамда ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни амалга оширишга институционал таъсири даражаси инобатга олинган.
Жамиятда ўз ўрни ва фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, ўзида лидерлик қобилиятини шакллантирган, билими ва салоҳияти орқали юксак ютуқларга эришаётган лидер аёлларимиз янада кўпайишига тилакдошмиз.