374

Ўзбекистонда жисмонан соғлом, маънан етук ва баркамол ривожланган авлодни шакллантириш, болалар ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳар бир бола салоҳиятининг ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, болаларнинг камситилишига йўл қўймаслик, оила институти ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, болаларнинг таълим, малакали тиббий ёрдам, ижтимоий хизматлар олиш имкониятларини кенгайтириш, болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини мустаҳкамлаш юзасидан чора-тадбирлар белгиланган.

Ёзнинг биринчи куни – 1 июнь бутун дунёда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни нишонланади. Мамлакатимиз аҳолисининг 40 фоизини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади. Бу катталарга инсонпарвар ва адолатпарвар жамиятни шакллантириш учун зарур шартлар  сифатида болаларнинг ҳаётга бўлган ҳуқуқига риоя қилиниши, фикрлар ва диний эътиқод  эркинлиги, таълим олиш, дам олиш ва бўш вақтга эга бўлиш, руҳий ва жисмоний зўравонликдан ҳимояланиш, болалар меҳнатининг эксплуатация қилинишдан ҳимояланиши кераклиги ҳақидаги бир эслатмадир.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни: хабардорлик ва умидлар” мавзусида телефон сўрови ўтказмоқда. Тадқиқот мамлакатимизда болалар ҳуқуқлари қай даражада ҳимоя қилиниши, замонавий жамиятда болаларга тегишли қайси муаммолар долзарброқ ҳисобланиши, бугунги кунда болалар тарбияси ва ижтимоий ҳимоясининг устувор йўналишлари тўғрисида ўзбекистонликларнинг фикрларини аниқлашга бағишланган. Сўров натижалари асосида тайёрланган хулоса ва тавсиялар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.