517

2021 йил 10 июнь куни «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказида маърифатпарвар жадидчилик ҳаракати ва унинг ёрқин намояндалари ижодий меросини фаол тарғиб этиш ҳамда халқимиз, айниқса, ёшларимиз миллий тарихни билиши, ундан сабоқ олиши, хулосалар чиқариши ва онгини тарихий тафаккур билан бойитиши ҳамда бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етишини таъминлаш мақсадида “Мангуликка дахлдор ватанпарварлар” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирни Марказнинг амалий тадқиқотлар бўйича ўринбосари, ижрочи директор М.К.Хаджимухамедов кириш сўзи билан очди. “Очиқ ва шиддат билан ривожланаётган замонавий фуқаролик жамиятида ўз мамлакати тарихини нафақат билиш, балки уни тўғри тушуниш, талқин қилиш ҳам жуда муҳим”, деди у ўз сўзида.

Маънавий-маърифий тадбирда Марказнинг масъул ходими, журналист ва ёзувчи, тарихий мавзулардаги 20 та рисола муаллифи Саъдулла Ғайбуллаев “Мангуликка дахлдор ватанпарварлар” мавзусида маъруза қилди. У ўз маърузасида жадидчилик ҳаракати ва унинг Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов, Ибрат, Элбек ва Боту каби ёрқин намояндаларининг ҳаёт йўллари ва тақдирлари ҳамда маърифатпарварлик фаолияти ҳақида  батафсил ҳикоя қилди.

Маърузадан сўнг Марказ матбуот хизмати томонидан ушбу мавзуда тайёрланган видеолойиҳа тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда Марказ директори маслаҳатчиси У.А.Абдумаликова модераторлик қилди.