394

2021 йил 10-12 ноябрь кунлари Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон вакиллари иштирок этган Марказий Осиё мамлакатларидаги истиқболли кадрлар бўлган ёш аёлларнинг салоҳиятини ошириш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун етакчилик фазилатларини ривожлантириш бўйича минтақавий ўқув семинари бўлиб ўтди.


Тренинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси, Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши, Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Хотин-қизлар ва оила масалалари қўмитаси, Туркманистон Миллий Генгеши Мажлиси, БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТнинг Марказий Осиё бўйича превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази (МОПДММ), «БМТ-хотин-қизлар» тузилмаси иштирокида ўтказилди.


Тренинглар БМТ Тараққиёт Дастури ходимлари, миллий ва халқаро маслаҳатчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси билан биргаликда ўтказилди.


Семинарнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева ва БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска табрик нутқи сўзлашди.


Тренинг дастурига мувофиқ «Марказий Осиё мамлакатлари жамиятларида хотин-қизлар: тасавввурлар ва қарор топган қарашлар. Жамият ва давлат ҳаётида хотин-қизлар ролининг эволюцияси» номли биринчи сессия доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова ва «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директори Нигина Раҳимова маъруза қилдилар, у Марказ томонидан “Ўзбекистон фуқаролари гендер тенглик тўғрисида” мавзусида ўтказилган социологик тадқиқот натижаларини тақдим этди.