480

Халқаро бағрикенглик куни ва Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган куннинг 30 йиллиги муносабати билан “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон социологлари ассоциацияси ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети билан ҳамкорликда “Жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: назария, услублар, амалиёт” мавзусидаги доимий илмий-амалий семинарнинг “Миллатлараро муносабатлар - бағрикенглик ва фуқаролар тотувлигининг барқарор асоси” мавзусидаги йиғилишини ўтказди.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ мамлакатда бағрикенглик тамойилларига асосланган миллатлараро муносабатлар маданияти, унинг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари, Ўзбекистонда яшовчи турли миллат вакилларининг тенг ҳуқуқ ва эркинликлар билан таъминланиш даражаси ҳақида ўзбекистонликларнинг фикрини ўрганиш мақсадида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази ҳар йили “Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар жамоатчилик фикри кўзгусида” мавзусида комплекс мониторинг тадқиқотларини ўтказиб келади. Тадқиқот натижалари замонавий Ўзбекистон ҳудудида яшовчи турли халқларнинг миллий-маданий анъаналари билан боғлиқ давлат мустақиллиги рамзларидан бири - Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи жипслаштирган мамлакат фуқароларининг миллатлараро ва фуқаролик тотувлигининг асосий омиллари давлат миллий сиёсати, жамиятдаги иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий барқарорлик, фуқароларнинг хайрихоҳлиги, этник ва диний бағрикенглиги эканлигидан далолат бермоқда.


1995 йил 16 ноябрда ЮНЕСКОнинг Бош конференцияси томонидан қабул қилинган Тоқатлилик тамойиллари декларациясида сабр-тоқатлилик - маданиятлар хилма-хиллигидаги уйғунлик ва эзгулик, инсоннинг айнан барча асосий ҳуқуқ ва эркинликларини тан олиш асосида шаклланадиган фаол муносабат, деб таъкидланган.


Семинар иштирокчилари эътиборига “Ўзбекистонда миллатлараро муносабатларни қадриятлар нуқтаи назаридан ўрганиш” мавзусидаги маъруза тақдим этилди.


Семинарда қизиқарли чиқишлар асосида жонли мунозара бўлиб ўтди. Семинар ишида “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ масъул ходимлари, олимлар, олий ўқув юртларининг ўқитувчилари, магистрант ва талабалари иштирок этдилар.