13.09.2022
316
“ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОЛАРИ ШҲТ САММИТИ ТЎҒРИСИДА”
"Ижтимоий фикр" РЖФЎМ мамлакат фуқаролари ўртасида телефон сўрови ўтказди, унда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг шу йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган мажлисига ўзбекистонликларнинг муносабати, ШҲТ фаолиятининг иқтисодий жиҳатлари, хавфсизлик сиёсати ва ташкилотни кенгайтириш хусусиятлари, шунингдек, дунёда иқтисодий ва сиёсий хатар ҳамда таҳдидларнинг ортиши муносабати билан ШҲТнинг иштирокчи мамлакатлари ўзаро ҳамкорлигининг асосий йўналишлари тўғрисидаги фикри аниқланди.
Телефон сўровида мамлакат барча минтақаларининг аҳолиси, эркаклар ва хотин-қизлар, турли ижтимоий қатламларга мансуб ва ҳар хил соҳаларда банд бўлган турли миллат вакиллари ва турли ёшдаги фуқаролар иштирок этдилар.
Дунёда кўплаб минтақавий ташкилотлар ва турли хил шартномалар мавжуд. Минтақавий ҳамкорлик ташкилотлари орасида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) алоҳида ўрин тутади.
ШҲТ мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 2022 йил 29 июлда Тошкентда бўлиб ўтган мажлиси доирасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар делегациялари раҳбарларининг бўлиб ўтган учрашувида Ўзбекистон Республикаси Президенти ШҲТ ўзининг сиёсий, иқтисодий, илмий-интеллектуал салоҳияти жиҳатидан энг қудратли бирлашмалардан бири ҳисобланишини таъкидлади.
Ўзбекистон ШҲТ доирасида конструктив ва самарали ҳамкорлик тарафдори ҳисобланади, у ташкилотнинг амалий долзарблиги ва халқаро нуфузини ошириш мақсадида ШҲТнинг янги кун тартибини шакллантиришга ўзининг ҳиссасини қўшишга тайёр.
Давлатимиз раҳбари ШҲТни янада ривожлантиришнинг қатор муҳим жиҳатларини, жумладан, Ташкилотнинг блокларга қўшилмаслик мақомини сақлаб қолиш, янги даъват ва таҳдидларга қарши курашиш салоҳиятини мустаҳкамлаш, Марказий Осиё учун ШҲТнинг "географик ядроси" мақомини сақлаб қолиш, трансчегаравий ўзаро боғлиқлик лойиҳаларини илгари суриш ва Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнларга янада фаолроқ жалб этиш вазифаларини белгилаб берди.
Ўтказилган телефон сўрови ўзбекистонликларнинг аксарияти 2022 йил сентябрь ойида Самарқандда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтиши тўғрисида етарлича юқори хабардорлик даражасини намойиш этганлигини кўрсатди: 39,5% фуқаролар бўлажак муҳим сиёсий воқеадан яхши хабардор эканликларини таъкидладилар, 27,0% сўров иштирокчилари эса "Ҳа, бу ҳақда эшитганман" деб жавоб бердилар.
Тадқиқот давомида респондентлар ШҲТ фаолияти ва иштирокчи давлатлар раҳбарларининг бўлажак учрашуви оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама этилаётганлиги, бунинг устига, у Ўзбекистонда бўлиб ўтиши туфайли ушбу сиёсий воқеага, шунингдек, Ўзбекистоннинг ШҲТ давлатлари билан интеграция жараёнлари ва улар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳамда конструктив мулоқотни ривожлантириш масалаларига фаол қизиқиш билдираётганликларини таъкидладилар.
Сўров давомида фуқаролар ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг бўлажак мажлиси ҳақида маълумот олган манбалар аниқланди: 37,9% респондентлар ШҲТ саммити Самарқандда ўтказилиши ҳақидаги маълумотни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телекўрсатувларидан олганликларини билдирдилар. Бу ҳол изоҳ талаб қилмайди, чунки бугунги кунда телевидение маълумот узатишнинг энг машҳур воситаларидан биридир. Шуниси эътиборлики, ўзбекистонликлар халқаро даражадаги ушбу муҳим сиёсий воқеа ҳақида ахборот олган ва аҳамияти жиҳатидан кейинги муҳим ахборот канали Интернет ҳисобланади, айни пайтда таъкидлаш керакки, сўровнинг 27,6% иштирокчилари асосий ахборот манбаси сифатида ижтимоий тармоқларни (Facebook, Instagram) қайд этишган, 24,1% - ШҲТ саммити ҳақида Telegramдан маълумот олган. Телефон сўрови давомида олинган натижалар шуни кўрсатдики, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг бўлажак учрашуви жамоатчилик ўртасида акс-садо берди, фуқаролар уни оиласи, қариндошлари, дўстлари, ишдаги ҳамкасблари даврасида муҳокама қилишмоқда (17,2%).
Ўтказилган сўров ўзбекистонликлар Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқаро алоқаларни ривожлантиришдаги асосий моҳияти ва аҳамиятини англашларини, фуқаролар ШҲТга аъзо давлатларнинг барча соҳалардаги ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳар бир мамлакатдаги алоҳида иқтисодий ўсишга ҳисса қўшишига, глобал иқтисодий инқирозлар ва изтироблар, терроризм, уюшган жиноятчилик ва ахборот таҳдидларига қарши биргаликда қарши туришга имкон беришига ишонишларини тасдиқлайди. “Сизнинг фикрингизча, ШҲТ фаолиятининг асосий мақсади нимадан иборат?” деган саволга 44,8% фуқаролар ШҲТ фаолиятининг асосий йўналиши "ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида иқтисодиёт, савдо, маданият, экология ва бошқа соҳаларда ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш", деб жавоб беришди. 41,2% сўров иштирокчиларининг фикрича, ШҲТ таркибига кирувчи мамлакатларнинг интеграциялашувидаги асосий йўналишлар Марказий Осиёда миллий ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм, сепаратизм ва экстремизм таҳдидининг олдини олиш, минтақада тинчлик ва доимий барқарорликни мустаҳкамлашдан иборатдир.
Шунингдек респондентлар кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва инвестициявий ҳамжиҳатлик, ташкилот доирасида савдо алоқаларининг мақбул ривожланиши учун шарт-шароитларни таъминлаш, логистика инфратузилмасини ривожлантириш, иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида янги йўллар ва транспорт йўлакларини қуриш, ишбилармонлар ва молиявий доиралар ўртасида мулоқот ва тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, энергетика, транспорт, телекоммуникация, кредит ва банк соҳасидаги кўп томонлама лойиҳаларни амалий рағбатлантиришга кўмаклашишни ШҲТнинг устувор мақсадлари, деб ҳисоблайди.
Сўровда иштирок этган респондентлар ШҲТ фаолиятининг асосий мақсади, уларнинг тасаввурида, халқлар ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, минтақада дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришдан иборат эканини таъкидлади. Фуқаролар аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, гуманитар соҳадаги ҳамкорлик, ШҲТга аъзо давлатлар халқларининг ўзаро бойиб бориши ва бир-бирини англашига кўмаклашувчи турли маданият ва цивилизацияларнинг конструктив мулоқотини ШҲТ фаолиятининг муҳим таркибий қисми, деб ҳисоблайди.
Тадқиқот давомида фуқаролар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мавжуд бўлган йиллар давомида энг йирик халқаро ташкилотлардан бирига айланганини, уни ташкил этган давлатлар жамулжамликда сиёсий, иқтисодий ва демографик жиҳатдан улкан куч-қудратга эга эканлигини таъкидладилар.
Фуқароларнинг фикрича, ШҲТ бугунги кунда юқори нуфузга эгадир ва минтақадаги кўплаб давлатлар учун жозибадор ҳисобланиб, иштирокчи мамлакатларга ташкилот доирасида самарали мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун кенг имконият ва шарт-шароитлар яратмоқда.
Бир қатор давлатларнинг ШҲТга тенг ҳуқуқли аъзо сифатида киришини ижобий баҳолаган сўров иштирокчиларининг улуши кўпчиликни ташкил этади, респондентлар ШҲТнинг кенгайишини "сўзсиз ижобий ҳодиса" деб билади, чунки сўнгги йилларда ШҲТ ўзини самарали фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилот сифатида намоён қилди ва ШҲТга янги аъзоларнинг кириши Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар билан кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиришга, жаҳон бозорлари ва денгиз йўлларига чиқувчи транспорт марказларига киришини соддалаштиришга хизмат қилади.
Ўтказилган тадқиқотнинг кўрсатишича, ўзбекистонликлар Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш, иштирокчи мамлакатларнинг самарали минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги учун шарт-шароитлар яратиш, тенглик, ўзаро ҳурмат ва миллий манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ШҲТ маконида кенг, очиқ, ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликни шакллантириш борасидаги фаолиятини умуман ижобий баҳоламоқдалар.
Teлефон сўрови натижаларининг кўрсатишича, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг бўлажак учрашувидан ўзбекистонликларнинг ижобий умидлари жамоатчилик фикрида устуворлик қилади.
67,5% фуқароларнинг фикрича, бўлажак саммитдан асосий умид ва орзуларини улар мамлакатимиз, Марказий Осиё минтақаси ва бутун ШҲТ маконининг тинч ва барқарор ривожланиши кафолатлари билан боғлашади.
Тегишлича ҳар иккинчи респондент минтақадаги қўшнилар билан савдо-иқтисодий алоқаларнинг янада ривожланишидан умид қилмоқда, 51,5% респондентлар иштирокчи мамлакатлар давлат раҳбарлари ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган самарали қарорлар қабул қилишига, ШҲТ доирасида янги шартномалар ҳамда бутунлай янги йўналишлар ва янги лойиҳалар пайдо бўлишига ишонадилар.
Сўров жараёнида 45,0% фуқароларнинг жавобига кўра, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашуви долзарб минтақавий ва халқаро масалаларни ҳал этиш, замонамизнинг умумий таҳдид ва хавфларига биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ўз вақтида жавоб бериш имконини беради.
Респондентларнинг учдан бир қисми яқин келажакда ШҲТ ҳудудида визасиз макон ташкил этилиши, фуқаролар ШҲТнинг ҳар қандай давлатида эркин саёҳат қилишлари, ишлаш ва ўқишлари, божхона чекловлари минималлаштирилиши ва товарлар ҳамда хизматларнинг эркин ҳаракатланиши, ўзаро савдода мавжуд чекловлар бекор қилиниши мумкинлигига умид боғлашмоқда.
Teлефон сўрови натижалари таҳлилининг кўрсатишича, мамлакат фуқаролари ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари учрашуви Самарқандда ўтказилишига ижобий муносабатда бўлиб, улар мамлакатимиз, минтақа ва бутун дунёдаги ишларнинг мавжуд ҳолатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муҳим тарихий воқеанинг гувоҳи бўлишаётганини таъкидладилар. 65% сўров иштирокчиларининг ҳисоблашича, 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг мажлиси мамлакатимиз ва давлат ҳокимияти органларининг ижобий имижини шакллантиришга ёрдам беради, ижобий жамоатчилик фикрини ва халқаро ҳамжамият томонидан иззат-икром ҳиссини пайдо қилади.
Сўровнинг ҳар иккинчи иштирокчисининг фикрича, мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбир ўтказилаётгани, Самарқандда минтақадаги етакчи давлатлар раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтиши туфайли мамлакатимиз халқлар ва давлатлар ўртасидаги тинчлик, дўстлик, ҳамкорлик тамойилларини илгари сурувчи давлат сифатида ўзининг юксак мақомини тасдиқлайди.
Респондентларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг геосиёсий марказига айланмоқда, уларнинг фикрича, мамлакатимиз иқтисодий ва сиёсий соҳаларда фаоллик кўрсатмоқда, минтақада ҳар жиҳатдан етакчи бўлиб бормоқда, айни пайтда ички сиёсий барқарорлик, маданий устуворликлар, мустақил ва фаол сиёсий мавқе мамлакатимизнинг минтақавий етакчилик мақомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадқиқот жараёнида фуқаролар ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари Кенгашининг бўлажак мажлиси иштирокчиларига муваффақиятлар ва ўзаро англашув, самарали ва натижали музокаралар, самимий ва дўстона муҳит тиладилар ҳамда ташкилотнинг имкониятлари ва таъсири ошиб, эришиладиган келишувлар минтақадаги мавжуд долзарб муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беришига умид билдирдилар. Сўров иштирокчилари саммит ўзаро тушуниш ва долзарб масалаларни конструктив муҳокама қилиш руҳида ўтишига, муҳокамалар давомида ишлаб чиқилган ташаббуслар ШҲТнинг барча маконида кенг қўлланилишига ишонч билдирдилар.
Умуман олганда, тадқиқот натижалари ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг бўлажак мажлисига ўзбекистонликларнинг ижобий муносабатини аниқлаб берди, кўриниб турганидек, кўплаб иштирокчилар учун мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбирнинг ўтказилиши ҳақиқатан ҳам Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувининг фаол, модернизациялаш ва янада барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ажралмас жараёнлари ифодаси сифатида қабул қилинмоқда. Ўзбекистонликларнинг телефон сўрови шуни кўрсатдики, жамоатчилик фикрида ШҲТга аъзо давлатлар давлат раҳбарлари Кенгашининг мажлиси ҳақида мамлакатимиз, Марказий Осиё минтақаси ва умуман бутун дунё учун ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга катта ҳисса қўшадиган муҳим сиёсий воқеа сифатидаги тасаввур устуворлик қилади. Тадқиқот иштирокчилари ШҲТнинг Самарқанддаги саммити мамлакатимиз учун янги уфқлар очиб бериб, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилларини, умумий муаммоларни ҳал этишда иштирокчи давлатларнинг жипслигини таъминлашга хизмат қилади, деб ҳисоблайдилар.
Фотоматериал: Подробно.уз
Видеоматериал: Дунё-информационное агенство