182

Ҳасанбой Дўсматов олимпиада чемпиони!

Ўзбекистонлик боксчи Ҳасанбой Дўсматов Париж-2024 Олимпиадасининг олтин медалига сазовор бўлди. У Ўзбекистон тарихида Олимпия ўйинларида иккита олтин медалга эга чиққан биринчи боксчи бўлди.

Ҳасанбой Дўсматов Парижда ўтказилаётган олимпиада ўйинларининг 1/16 финалида Пуэрто Рико вакили Хуан Мануэл Лопесни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратган. Чорак финалда Қозоғистон вакили Сакен Бибоссинов билан тўқнашиб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Ярим финал баҳсларида Кабо Варделик Даниэл Варела де Пина устидан ғалаба қозониб финал йўлланмасини қўлга киритди. Финалда Франция вакили Биллал Беннама устидан ғалаба қозонди ва олтин медални қўлга киритди.

Хасанбой Маъруфжанович Дўсматов 1993 йил 24 июнда Андижон вилоятида туғилган. 2012 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси вакили. Мураббийи: Зиятдин Тойганбоев. Рио-2016 Олимпиадасида Дўсматов 49 кг вазн тоифасида чемпион бўлган, шунингдек, энг яхши техникага эга боксчига бериладиган «Вэл Баркер» кубогини қўлга киритган.

У, шунингдек, Гамбургдаги 2017 йилги жаҳон чемпионати финалчиси. 2018 йилги Осиё ўйинларининг кумуш медали соҳиби. Уч карра Осиё чемпиони (2015, 2017 ва 2022). 2023 йилда Тошкентда ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган ва мусобақанинг энг яхши боксчиси деб топилган. Хизматлари учун «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» ва «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвонлари билан тақдирланган. Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинларида -51 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган.

Ўзбекистон делегациясининг медаллари 5 тага етди. Аввалроқ дзюдо бўйича Диёра Келдиёрова олтин, таэквандо бўйича Улуғбек Рашитов олтин, дзюдо йўналишида Музаффарбек Тўрабоев ва Алишер Юсупов бронза медалига сазовор бўлганди.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази барча юртдошларимизни ҳамда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» ва «Ўзбекистон ифтихори» Ҳасанбой Дўсматовни ушбу ёрқин ғалаба билан муборак этади. Омад ёр бўлсин Ҳасанбой!