15

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида «Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт» доимий илмий-амалий семинари доирасида «Президент мурожаатномаси доирасида маҳалланинг ўрни: жамоатчилик фикри ва жойлардаги амалиёт» мавзусида давра суҳбати ўтказилади.

Тадбир 2026 йил 23 январь куни соат 14:00 да «Ижтимоий фикр» маркази мажлислар залида бўлиб ўтади. Семинар Президент мурожаатномасида белгиланган устувор вазифаларни жойларда амалга оширишда маҳалланинг ўрнини жамоатчилик фикри асосида таҳлил қилишга қаратилган. Шунингдек, маҳалла институти фаолиятига нисбатан аҳолининг муносабати, социологик сўровлар натижалари ва амалиётда учраётган масалалар муҳокама қилинади.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари, фуқаролик жамияти институтлари, маҳалла ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда «Ижтимоий фикр» маркази ходимлари иштирок этади.

Давра суҳбатида Президент мурожаатномаси юзасидан ўтказилган социологик тадқиқот натижалари, фуқароларнинг маҳалла фаолияти ҳақидаги фикрлари ҳамда аҳоли билан юзма-юз сўровлар жараёнида жойлардаги амалий тажриба юзасидан маърузалар тақдим этилади. Тадбир якунида иштирокчилар ўртасида фикр-мулоҳазалар алмашинуви ўтказилиб, умумий хулосалар шакллантирилади.

Мазкур илмий-амалий муҳокама жамоатчилик фикрини ўрганиш соҳасидаги долзарб масалаларни чуқур таҳлил қилиш ва маҳалла институти фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қилади.