8

“КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ ЧОРАЛАРГА ГЕНДЕР ЁНДАШУВНИ ЖОРИЙ ЭТИШ” МАВЗУСИДА АМАЛИЙ ТРЕНИНГ ЎТКАЗИЛДИ

Жорий йилнинг 13-май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Европа Иттифоқи ҳамкорлигида ва Тошкент аксилкоррупция форуми доирасида “Коррупцияга қарши чораларга гендер ёндашувни жорий этиш” мавзусида амалий тренинг ташкил этилди.

Мазкур тренингда давлат органлари, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ходими Умида Халикова ҳам мазкур тадбирда иштирок этди.

Тадбирнинг асосий мақсади коррупцияга қарши курашиш сиёсатларига гендер ёндашувини интеграция қилиш, коррупциянинг ижтимоий оқибатларини гендер нуқтаи назаридан таҳлил этиш ҳамда аҳолининг турли ижтимоий гуруҳларига таъсир этувчи омилларни чуқур ўрганишдан иборат бўлди. Шунингдек, иштирокчиларда коррупцияга қарши курашиш механизмларини гендер сезгир ёндашув асосида шакллантириш бўйича амалий кўникмаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Тренинг давомида коррупцияни концептуаллаштириш, унинг сабаб ва оқибатларини тизимли таҳлил қилиш, коррупциянинг гендер ўлчами, ижтимоий заиф қатламларга таъсири ҳамда таълим, ижтимоий хизматлар ва суд тизимида учрайдиган коррупциявий ҳолатлар бўйича амалий кейслар муҳокама қилинди. Иштирокчилар кичик гуруҳларда ишлаш, интерактив машқлар, “ақлий ҳужум” ва “муаммолар-ечимлар дарахти” усуллари орқали фикр алмашдилар.

Тадбир доирасида коррупция ва гендер тенгсизлиги ўртасидаги ўзаро боғлиқлик, гендер ролларига асосланган коррупция шакллари ҳамда гендерга таъсирчан коррупцияга қарши сиёсат воситаларини ишлаб чиқиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Халқаро экспертлар ва мутахассислар иштирокида ташкил этилган муҳокамалар иштирокчилар учун амалий тажриба ва илғор ёндашувлар билан танишиш имконини яратди.

Тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳим экани таъкидланди.