8

«Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мамлакат аҳолиси ўртасида “Аҳолининг нодавлат нотижорат ташкилотларини идрок қилиши ва улар билан ўзаро ҳамжиҳатлиги” мавзусида янги кенг кўламли социологик тадқиқотни бошлади.

Ушбу тадқиқот фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг жамият ҳаётидаги ўрнини илмий асосда баҳолаш, аҳолининг ННТлар ҳақидаги хабардорлик даражасини, уларга бўлган муносабатини ҳамда ишонч кўрсаткичларини аниқлашга қаратилган.

Тадқиқотни ўтказишдан мақсад аҳолининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳақидаги билим ва тасаввурларини чуқур ўрганиш, ННТларнинг ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги ҳиссасига берилган баҳоларни таҳлил қилиш, фуқароларнинг мазкур ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини аниқлаш ҳамда олинган натижалар асосида фуқаролик жамиятини ривожлантиришга хизмат қилувчи амалий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Тадқиқот доирасида аҳолининг ННТ фаолияти ҳақида ахборот олиш манбалари, жамият учун энг долзарб соҳаларда ННТлар самарадорлиги, шунингдек, улар ривожланишига тўсиқ бўлаётган ижтимоий ва ташкилий омиллар ҳақида фуқароларимизнинг фикр мулоҳазаларини ўрганишдан иборат.

Социологик сўров республика ҳудудлари кесимида турли ёш гуруҳлари ва ижтимоий қатлам вакиллари иштирокида олиб борилмоқда.