6

14-январ Ватан ҳимоячилари куни юрт тинчлиги, миллий хавфсизлик ва барқарор тараққиёт рамзи

14 январ Ўзбекистонда мардлик, жасорат ва Ватанга садоқат тимсоли бўлган улуғ сана. Бу кун мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилиб келаётган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳамда юртимиз хавфсизлигига ҳисса қўшаётган барча фидойи фуқароларга чуқур ҳурмат ва эътироф ифодаланадиган умуммиллий байрам сифатида нишонланади.

Шу муносабат билан «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган социологик тадқиқот натижалари жамиятда Ватан ҳимоячилари, армия ва ватанпарварлик қадриятларига бўлган муносабатнинг юқори даражада шаклланганини яққол кўрсатди.

Сўров натижаларига кўра, фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги Қуролли Кучларни мамлакат хавфсизлиги ва барқарорлигининг асосий кафолати сифатида қабул қилади. Респондентларнинг 82,8 фоизи армияни тинчлик ва осойишталикни таъминловчи муҳим институт деб баҳолаган бўлса, 76,6 фоизи уни давлат мустақиллигининг рамзи сифатида эътироф этган. Бу кўрсаткичлар жамият онгида армиянинг институционал легитимлиги ва нуфузи юқори эканини тасдиқлайди.

Тадқиқот натижалари ватанпарварлик тушунчасининг мазмуни ҳам кенг ва чуқур идрок этилаётганини кўрсатди. Фуқаролар учун ватанпарварлик, аввало, ўз мамлакатини севиш ва ҳурмат қилиш, қонунларга риоя қилиш ва масъулиятли фуқаро бўлиш, ҳамда ўз меҳнати ва фаолияти орқали Ватанга фойда келтириш  билан боғлиқ. Бу ҳол ватанпарварлик фақат ҳиссий туйғу эмас, балки амалий фуқаролик позицияси сифатида шаклланаётганидан далолат беради.

Сўров давомида олинган маълумотлар ҳарбий хизматга бўлган муносабат ҳам жамиятда кенг қўллаб-қувватланаётганини кўрсатди. Респондентларнинг 79,1 фоизи армияда хизмат қилишни ҳар бир фуқаронинг муқаддас ватанпарварлик бурчи деб ҳисоблайди. Шунингдек, аксарият фуқаролар ўз яқинларининг Қуролли Кучлар сафида хизмат қилишини хоҳлашини билдирган бўлиб, бу кўрсаткич 96,5 фоизни ташкил этди. Мазкур натижалар армиянинг жамият ҳаётига чуқур интеграциялашганини ва ҳарбий хизматнинг нуфузи тобора ошиб бораётганини яққол намоён этмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда мудофаа соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Қуролли Кучларни модернизация қилиш, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, хизмат шарт-шароитларини яхшилаш ва ҳарбий таълим тизимини такомиллаштириш жамоатчилик ишончи ва ҳурматини янада мустаҳкамлади. Социологик маълумотлар бу ислоҳотлар жамият томонидан ижобий баҳоланаётганини тасдиқлайди.

Бугун Ватан ҳимоячиси бу нафақат ҳарбий хизматчи, балки давлатга садоқат, қонунга ҳурмат ва халқ манфаатларига хизмат қилиш тимсолидир. Армия жамиятда фуқаролик масъулиятини шакллантирувчи, ёш авлодни мардлик ва ватанпарварлик руҳида тарбияловчи муҳим ижтимоий институт сифатида намоён бўлмоқда.

Шу улуғ айём муносабати билан «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази юртимиздаги барча фуқароларни Ватан ҳимоячилари куни билан самимий табриклайди. Барчангизга тинч ва осойишта ҳаёт, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва юртимиз тараққиёти йўлидаги эзгу ишларингизда муваффақият тилаймиз. Ватанимиз осмони доимо мусаффо, халқимиз ҳаёти барқарор бўлсин.