10

30 июнь — Ўзбекистонда Ёшлар куни сифатида белгиланиши, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида айнан ёшлар туришини тасдиқлайди. Бу сана нафақат байрам, балки ёш авлод салоҳияти, масъулияти ва имкониятларига қаратилган давлат эътиборининг институционал рамзидир.

Бугунги глобал ўзгаришлар, рақамли трансформация ва интеллектуал рақобат шароитида ёшлар мамлакат тараққиётининг ҳал қилувчи омилига айланмоқда. Ёшлик — бу фаоллик, янгича фикрлаш, ташаббус, жамиятга дахлдорлик туйғуси шаклланадиган босқичдир. Социология нуқтаи назаридан, айнан шу босқичда шахснинг фуқаролик позицияси ва ижтимоий идентификацияси мустаҳкамланади.

"Ижтимоий фикр" Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўнгги ижтимоий тадқиқотлар ёшларнинг онгидаги муҳим ўзгаришларни намоён этмоқда. Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг аксар қисми ўз келажагини айнан Ўзбекистон билан боғлайди, ёшларга оид давлат сиёсатига ишонч билдирганлар сони ортиб бораётгани кузатилмоқда. Ёшларнинг катта қисми жамоатчилик ҳаётида фаол иштирок этишни ўзининг фуқаролик бурчи деб билади.

Бу маълумотлар шундан далолат берадики, ёшлар нафақат давлат яратиб бераётган имкониятлардан самарали фойдаланмоқда, балки ўзларини жамиятнинг муҳим ва таъсирчан субъекти сифатида англаш даражасига етаётир.

Амалий таҳлиллар ёш авлоднинг сўнгги йиллардаги ютуқларини ҳам яққол кўрсатмоқда. Хусусан, Халқаро фан олимпиадаларида Ўзбекистон ёшлари олтин, кумуш медаллар билан тақдирланган. Юқори технологиялар соҳасида ўзбекистонлик ёш дастурчилар, муҳандислар ва стартапчилар халқаро танлов ва бозорларда ўз ўрнига эга бўлмоқда. Таълим соҳасида Европа, АҚШ, Япония ва Жанубий Корея каби ривожланган мамлакатларда таҳсил олаётган минглаб талабалар мамлакатимизнинг илмий ва интеллектуал келажагини яратмоқда. Ёш спортчиларимиз Осиё ва жаҳон чемпионатларида юксак натижаларга эришиб, миллат шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа ташкилотлар кўмагида юзлаб стартап ва ижтимоий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди.

Буларнинг барчаси — замонавий ёш авлод салоҳияти, жамиятдаги ролининг кучайиши ва давлат сиёсати билан ўзаро ҳамкорликни ифода этадиган ёрқин кўрсаткичлардир.

Ҳурматли ёшлар! Сизлар — мамлакатимиз равнақи, янгиланиш жараёнлари ва келажак сари интилишнинг асосий кучи ҳисобланасиз. Ўз устингизда тинимсиз ишланг, билимли, ватанпарвар, ташаббускор ва масʼулиятли шахс бўлинг. Ватан тақдирига дахлдорлик, жамиятга муносабат ва мустақил фикрлаш сизнинг энг кучли ютуғингиз бўлсин.

"Ижтимоий фикр" Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази сизларни 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан чин қалбдан табриклайди. Юксак марралар ва миллий тараққиётга ҳисса қўшувчи ютуқлар сизларга ҳамроҳ бўлсин!