73

ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ИНСТИТУТЛАРИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНАДИ !

Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони чиқди.

Ушбу фармонда, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари белгиланди, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва соғлом рақобат тамойилига асосланган тизимини, шунингдек, ижтимоий фойдали дастурлар самарадорлигини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар ҳамда зарур ташкилий-ҳуқуқий имкониятлар яратилди, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари янада такомиллаштирилди.

Фармон билан фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент ҳузурида Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, ижтимоий лойиҳаларнинг манзиллилиги таъминланади, бюрократияга чек қўйилади.

Фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларини ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган ягона электрон платформа ишга туширилади.

Фармонга кўра, ижтимоий шерикликни ривожлантиришга қаратилган қуйидаги механизмлар жорий этилмоқда:

- ҳар йили давлат органлари ижтимоий буюртма танловлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказади;

- давлат органларига фуқаролик жамияти институтларининг ташаббусли ижтимоий шериклик лойиҳаларини БҲМнинг 1 000 бараваригача танловларсиз молиялаштириш ҳуқуқи берилади;

- ҳар йили Ҳукумат ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросига фуқаролик жамияти институтларини ижтимоий шериклик асосида жалб қилиш бўйича дастур қабул қилади.

Ижтимоий аҳамиятга молик фаолиятни оммалаштириш мақсадида фуқаролик жамияти институтларига қуйидаги имтиёзлар берилмоқда:

- давлат грантлари ва ижтимоий буюртма лойиҳалари доирасида даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари 3 йил муддатга 50 фоизга камайтирилмоқда;

- 2025 йил 1 январдан бошлаб ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи 2 бараварга камайтирилмоқда;

Шунингдек, таъкидланишича ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” ўтказиб борилади, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ташаббускор фуқаролар “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони билан тақдирланадилар;

Мазкур Фармон фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга олиб чиқади ҳамад ушбу жараёнлар шаффофлигининг юқори стандартларини белгилайди.