175

Давлат органларига ижтимоий шериклик асосида фуқаролик жамияти институтларининг лойиҳаларини БҲМнинг 1000 бараваригача танловларсиз молиялаштириш ҳуқуқи берилмоқда

Бугун, 27 август куни Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда Адлия вазирлиги, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раҳбарияти ва бошқа ННТ вакиллари ҳамда Ижтимоий фикр республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази матбуот хизмати ходими Д.Ахмедова иштирок этиб, журналист ва блогерларнинг саволларига жавоб берди.

Таъкидлангандек, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари такомиллаштирилди.

Хусусан, янги таҳрирдаги Конституцияга фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилди, улар конституциявий институт сифатида эътироф этилди, 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Парламент ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳузурида жамоат фондлари тузилган. Жумладан, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш учун Давлат бюджетидан сўнгги етти йилда 718 миллиард сўм ажратилди (2008-2016 йилларга солиштирганда 12 баробар кўп). Кейинги 3 йилда ҳудудий фондлар орқали 83 миллиард сўмлик 1600 та лойиҳа амалга оширилди.

Фуқаролар ҳуқуқини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа соҳаларда қарийб 10 мингта нодавлат нотижорат ташкилотлар эркин фаолият юритмоқда, уларда 70 мингга яқин инсонлар меҳнат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган Фармон юқоридаги ислоҳотларнинг узвий давоми бўлиб, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва соғлом рақобат тамойилига асосланган тизимини, шунингдек, ижтимоий фойдали дастурлар самарадорлигини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга қаратилган.

Фармон билан фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қуйидаги янги ислоҳотлар назарда тутилмоқда.

Хусусан, парламент ҳузурида Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, ижтимоий лойиҳаларнинг манзиллилиги таъминланади, бюрократияга чек қўйилади.

Фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларини ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган ягона электрон платформа ишга туширилади.

Фармонга кўра, ижтимоий шерикликни ривожлантиришга қаратилган қуйидаги механизмлар жорий этилмоқда:

- ҳар йили давлат органлари ижтимоий буюртма танловлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказади;

- давлат органларига фуқаролик жамияти институтларининг ташаббусли ижтимоий шериклик лойиҳаларини БҲМнинг 1 000 бараваригача танловларсиз молиялаштириш ҳуқуқи берилади;

- ҳар йили Ҳукумат ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросига фуқаролик жамияти институтларини ижтимоий шериклик асосида жалб қилиш бўйича дастур қабул қилади.

Ижтимоий аҳамиятга молик фаолиятни оммалаштириш мақсадида фуқаролик жамияти институтларига қуйидаги имтиёзлар берилмоқда:

- давлат грантлари ва ижтимоий буюртма лойиҳалари доирасида даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари 3 йил муддатга 50 фоизга камайтирилмоқда;

- 2025 йил 1 январдан бошлаб ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи 2 бараварга камайтирилмоқда;

- ҳомийлик ташкилотларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга хайрия пулининг солиқ солинмайдиган миқдори амалдаги 15 млн сўмдан 34 млн сўмгача (БҲМнинг 100 баравари) оширилмоқда.

Фармон фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга олиб чиқади, мазкур жараёнлар шаффофлигининг юқори стандартларини белгилайди.

Энг муҳими, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувидаги бевосита иштироки учун янги имкониятларни очиб беради, хусусан, ижтимоий шериклик институтини амалда ривожлантириш бўйича ташкилий ва ҳуқуқий шароитлар яратади, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати таъсирчанлигини оширади.

Мазкур фармон мамлакатимиздаги туб ўзгаришлар жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган, хоҳиш-ирода ва интилишларини ифода этадиган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва аҳамиятини мустаҳкамлаш борасидаги жиддий аҳамиятли қадам бўлди.

Анжуман якунида Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини такомиллаштириш ва амалий ёрдам бериш тўғрисида таклиф ва тавсиялар қабул қилинди.