256

Баҳорнинг илк ойи жамоатчилик онгида анъанавий равишда 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни билан боғланади. Табиат уйғониб, янгиланиб бораётган баҳорнинг дастлабки шу гўзал кунларида гўзаллик, нафосат ва меҳр-муҳаббат тимсоли бўлган, қалб саховати, меҳр-оқибати ва фидойилиги билан мустаҳкам оила пойдеворини яратаётган, фарзандлар тарбиялаётган, мамлакатимизнинг ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этиб, билим олаётган, меҳнат қилаётган, тадбиркорлик билан шуғулланаётган, илм-фан, санъат ва спортда юксак марраларни забт этаётган онахонларимиз, аёлларимиз, опа-сингилларимиз, қизларимизни шарафлаймиз.

Халқаро хотин-қизлар куни арафасида “Ижтимоий фикр” РЖФЎМ “ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ ЖАМИЯТ ВА ОИЛАДАГИ ЎРНИ: ҲУҚУҚИЙ САВОДХОНЛИК, ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТ ВА КАЙФИЯТ” мавзусидаги жамоатчилик фикри сўровини ўтказмоқда. Тадқиқот хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеи ҳақида ўзбекистонликларнинг тасаввурларини, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш даражасини, шунингдек, мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлигига аҳоли томонидан берилган баҳоларни аниқлашга қаратилган.

Тадқиқотда мамлакатимизнинг барча минтақаларида яшовчи фуқаролар, шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси, эркаклар ва аёллар, иқтисодиётнинг давлат ва хусусий секторларида банд бўлган турли миллатлар ва ижтимоий қатламлар вакиллари, ёшлар, ўрта ва кекса ёшдагилар иштирок этмоқдалар.