14.03.2026
18
2026 йил 13 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида “Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш” масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, Халқ қабулхоналари фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришнинг муҳим йўналиши сифатида белгиланди. Йиғилишда таъкидланганидек, аҳоли мурожаатлари давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотнинг энг муҳим институционал механизмларидан бири бўлиб, у фуқароларнинг реал ижтимоий эҳтиёжлари, долзарб муаммолари ва кутилмаларини аниқлаш имконини беради. Шу жиҳатдан, Халқ қабулхоналари фаолиятини самарали ташкил этиш, мурожаатларни тизимли таҳлил қилиш ва улар асосида жамоатчилик фикрини ўрганиш давлат бошқарувининг самарадорлигини оширишда стратегик аҳамият касб этади.
Мазкур видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари томонидан жамоатчилик фикрини ўрганиш ва таҳлил қилиш ишларини илмий асосда ташкил этиш, социологик тадқиқотлар имкониятларидан кенг фойдаланиш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Замонавий давлат бошқаруви амалиётида социологик тадқиқотлар жамиятда кечаётган ижтимоий жараёнларни чуқур англаш, аҳолининг турли қатламлари манфаатлари ва муносабатларини аниқлаш, шунингдек, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини баҳолашнинг муҳим илмий воситаси ҳисобланади.
Социологик тадқиқотлар орқали жамиятдаги ижтимоий кайфият, аҳолининг давлат сиёсатининг устувор йўналишларига муносабати, ҳудудлар кесимидаги муаммолар ҳамда фуқароларнинг ижтимоий кутилмалари тизимли равишда ўрганилади. Бундай тадқиқотлар натижалари ижтимоий жараёнларнинг ҳақиқий манзарасини шакллантириш, давлат дастурлари ва ислоҳотларининг аҳоли ҳаётига таъсирини баҳолаш, шунингдек, давлат органлари фаолиятини аҳолининг реал эҳтиёжлари асосида ташкил этиш учун муҳим илмий-амалий асос бўлиб хизмат қилади.
Аҳоли мурожаатлари таҳлили ва жамоатчилик фикрини ўрганишга қаратилган социологик тадқиқотлар ўзаро уйғунлашган ҳолда амалга оширилганда, жамиятдаги ижтимоий муаммоларнинг сабаб ва омилларини чуқур таҳлил қилиш, уларни ҳал этишга қаратилган аниқ ва манзилли қарорлар ишлаб чиқиш имконияти кенгаяди. Бу эса давлат бошқарувида далилларга асосланган қарор қабул қилиш тамойилларини мустаҳкамлаш, ижтимоий адолат ва очиқликни таъминлаш ҳамда давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро ишончни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Шу маънода, Халқ қабулхоналари фаолиятини такомиллаштириш, аҳоли мурожаатларини тизимли таҳлил қилиш ва жамоатчилик фикрини илмий асосда ўрганиш мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Президент томонидан белгилаб берилган мазкур вазифалар жамоатчилик фикрини мунтазам мониторинг қилиш, социологик тадқиқотларни кенгайтириш ва давлат қарорларини аҳолининг реал эҳтиёжлари ҳамда ижтимоий талаблари билан уйғунлаштириш зарурлигини яна бир бор намоён этди.



