04.09.2024
244
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан “Парламент сайлови-2024” мавзусида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари сайлови бўйича жамоатчилик фикри сўровини ўтказишни бошлади.
Сайлов жорий йилнинг 27-октябр куни бўлиб ўтади, бу сана Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган. Фуқаролар Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутатини, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгэшининг 65 нафар депутатини, шунингдек, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 208 нафар туман (шаҳар) кенгашлари депутатларини сайлайди. Мамлакатимиз аҳолисининг кутилаётган сайловда фаоллигини хамда ушбу сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг сиёсий хоҳиш-истакларини аниқлаш мақсадида жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳар доим “Ижтимоий фикр” Маркази фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.
Мазкур тадқиқот давомида Ўзбекистон фуқароларининг сайловолди хулқ-атвори ва бўлажак сайловга муносабатининг асосий хусусиятлари ўрганилади. Жамоатчилик фикрини ўрганишнинг дастлабки босқичида мамлакатимиз аҳолисининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари сайлови бўйича хабардорлик даражасини аниқлаш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Мазкур тадқиқотнинг устувор йўналиши фуқароларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётига фаоллик даражасини аниқлашдан иборат бўлади.
Кутилаётган сайлов кампанияси даврида социологик тадқиқот ўтказиш Ўзбекистон фуқароларининг овоз беришда иштирок этиш истаги, сайловчиларни энг кўп қийнаётган муаммоларни аниқлаш, рейтинг тузиш каби жиҳатларини очиб бериш орқали уларнинг сайловолди хулқ-атворини тушуниш имконини яратади. Шунингдек, фуқаролар Олий Мажлиснинг, хусусан, депутатлик корпусининг иши билан қай даражада танишлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, вилоят ва туман Кенгашлари депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловда иштирок этиш шахсан фуқароларнинг ўзларига қай даражада муҳимлиги, депутатликка номзодларга қандай фазилатларига кўра овоз беришлари каби саволларга аҳолининг фикр-мулоҳазаларини ўрганишга қаратилган.
Ушбу сўровда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари аҳолиси, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси, 18 ёш ва ундан катта ёшдаги эркаклар ва аёллар, турли миллатлар, ижтимоий гуруҳлар вакиллари, турли соҳа ва тармоқларда банд бўлганлар иштирок этадилар.