27.04.2026
10
Жорий йилнинг 28 апрел кунидан бошлаб “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан мамлакатимизда “Жамият ҳаётининг асосий соҳаларида коррупциянинг тарқалганлик даражаси ва унга қарши курашиш самарадорлигининг фуқаролар томонидан баҳоланиши” мавзусида кенг қамровли социологик тадқиқот ўтказиш бошланди.
Бугунги глобал тараққиёт шароитида коррупция жамият барқарорлиги, давлат бошқаруви самарадорлиги, ижтимоий адолат тамойиллари ва фуқароларнинг давлат институтларига бўлган ишончига жиддий таъсир кўрсатувчи долзарб ижтимоий-сиёсий муаммолардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Коррупциянинг турли шакллари нафақат иқтисодий тараққиёт суръатларини чеклайди, балки аҳолининг ҳуқуқий онги, ижтимоий фаоллиги ва ҳаёт сифатига ҳам салбий таъсир ўтказади. Шу нуқтаи назардан, жамоатчилик фикрини тизимли ўрганиш коррупцияга қарши сиёсатни такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Сўров жараёнида фуқароларнинг турли соҳалардаги коррупция ҳолатларига муносабати, давлат ва ижтимоий хизматлардаги шаффофлик даражаси, маиший коррупция шакллари, пора бериш ва олишга нисбатан ижтимоий қарашлар, давлат органларига ишонч, коррупция ҳақида хабар бериш механизмлари самарадорлиги ҳамда рақамли давлат хизматларининг коррупцияни камайтиришдаги аҳамияти атрофлича таҳлил қилинади.
Шунингдек, тадқиқот жараёнида коррупциянинг жамият ҳаётидаги реал тарқалганлик даражасини аниқлаш, энг коррупциялашган соҳалар ва институтларни жамоатчилик баҳолари асосида белгилаш, аҳолининг коррупцияга қарши ҳуқуқий онги ва фуқаролик позициясини баҳолаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги тўғрисидаги фуқароларнинг фикр мулоҳозаларини ўрганишдан иборат.


