20

“Фуқаролик жамияти ҳафталиги” давом этмоқда. Бугун ушбу ҳафталикнинг 3-кунида “Ёшлар ижод саройи”да “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари соҳасида давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлиги” мавзусида миллий форум бўлиб ўтди. Тадбирда халқаро ташкилотлар, давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари, экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Форум инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ва жамоатчилик иштирокини кучайтиришга қаратилган мазмунли муҳокамалар билан ўтди. Тадбирнинг очилиш қисмида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Махкамова, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Махл, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар бўйича координатори ўринбосари Сергей Сезов ҳамда Германиянинг KUNA e.V. Ассоциацияси раиси Наталия Нейманн сўзга чиқдилар.

Мазкур муҳим тадбирда “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Н.Х. Рахимова ва марказнинг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари М.Ш. Сеитов ҳам иштирок этиб, фуқаролик жамияти институтлари билан давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамияти, жамоатчилик фикрининг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги роли ҳақида амалий фикрлар билдиришди.

Форум доирасида маърузалар, видеоролик намойиши, меморандумларни имзолаш маросими, секция йиғилишлари ва очиқ муҳокамалар ўтказилди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси, хайрия тадбирлари ва “Орамиздаги қаҳрамонлар” лойиҳаси ғолибларини тақдирлаш тантанаси ҳам ташкил этилди.

Тадбир “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини ошириш ва давлат-жамоат ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.