08.06.2026
13
ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ВА ТРАНСПОРТ ИНФРАТУЗИЛМАСИ ҲАҚИДА ЖАМОАТЧИЛИК БАҲОСИ ЎРГАНИЛМОҚДА
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан Тошкент шаҳри аҳолиси ўртасида «Тошкент шаҳрида йўллардаги вазиятни яхшилашга қаратилган “Долзарб 90 кунлик” дастури натижаларига Тошкент аҳолиси томонидан берилган баҳо» мавзусида социологик тадқиқот ўтказилиш бошланди.
Сўнгги йилларда пойтахт транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, ҳаракат хавфсизлигини ошириш, тирбандликларни камайтириш ва аҳоли учун янада қулай шаҳар муҳитини шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу нуқтаи назардан мазкур тадқиқот фуқароларнинг ушбу жараёнларга муносабати, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги ҳамда аҳолининг эҳтиёж ва кутилмаларини ўрганишга қаратилган.
Тадқиқот доирасида, аввало, пойтахт аҳолисининг «Долзарб 90 кунлик» дастури ҳақидаги хабардорлик даражаси ҳамда Тошкент шаҳридаги йўл ҳаракати ҳолатига берилаётган баҳолар таҳлил қилинади. Шу билан бирга, сўнгги уч ой давомида шаҳар йўл инфратузилмасида кузатилган ўзгаришлар, хусусан, тирбандликларни қисқартириш, светофорлар фаолиятини такомиллаштириш, йўл белгилари ва чизиқларини янгилаш, жамоат транспорти хизматлари сифатини ошириш, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда йирик чорраҳаларда ҳаракатни тартибга солиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларнинг аҳоли томонидан қандай қабул қилинаётгани ўрганилади.
Сўров жараёнида мазкур ўзгаришларнинг фуқароларнинг кундалик ҳаракатланиши, вақт сарфи, транспортдан фойдаланиш қулайлиги ва умумий ҳаёт сифатига таъсирига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, аҳолининг «Долзарб 90 кунлик» дастури самарадорлигига берган баҳоси, йўл ҳаракати соҳасида ҳозирда сақланиб қолаётган долзарб муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш бўйича жамоатчилик фикри чуқур таҳлил қилинади.
Тадқиқотнинг муҳим йўналишларидан бири фуқароларнинг шаҳар транспорт тизимини янада ривожлантириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш, жамоат транспорти сифатини ошириш, автотураргоҳлар фаолиятини тартибга солиш, велосипед ва пиёдалар инфратузилмасини кенгайтириш ҳамда амалга оширилаётган ишлар юзасидан аҳолини хабардор қилиш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклиф ва ташаббусларини аниқлашдан иборат.
Олинган натижалар Тошкент шаҳрида транспорт ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган қарорларнинг ижтимоий самарадорлигини баҳолаш, аҳоли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда янги ташаббусларни ишлаб чиқиш ҳамда давлат органлари ва жамоатчилик ўртасидаги мулоқотни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
«Ижтимоий фикр» маркази мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг аҳоли ҳаётига таъсирини мунтазам ўрганиш, жамоатчилик фикри динамикасини таҳлил қилиш ҳамда фуқароларнинг долзарб масалалар бўйича муносабат ва баҳоларини илмий асосда тадқиқ этишга қаратилган социологик изланишларни тизимли равишда амалга ошириб келмоқда.



