8

“ФУҚАРОЛАРНИНГ КУНДАЛИК АМАЛИЁТИДА РАҚАМЛИ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ: ҚУЛАЙЛИК ВА ИШОНЧ”

Жорий йилнинг 5-апрел кунидан бошлаб «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан мамлакат аҳолиси орасида “Фуқароларнинг кундалик амалиётида рақамли давлат хизматлари: қулайлик ва ишонч” мавзусида кенг қамровли социологик тадқиқот ўтказиш бошланди.

Мазкур тадқиқот рақамли трансформация жараёнлари жадаллашиб бораётган шароитда давлат хизматлари тизимини модернизация қилиш, аҳолига кўрсатилаётган электрон хизматлар сифатини ошириш ҳамда уларнинг самарадорлигини жамоатчилик фикри асосида баҳолаш зарурати билан белгиланади. Бугунги кунда рақамли давлат хизматлари фуқаролар учун вақт ва ресурсларни тежаш, хизматлардан масофадан туриб фойдаланиш имкониятини яратиш, давлат бошқарувида шаффофликни таъминлаш каби муҳим вазифаларни бажармоқда. Шу билан бирга, амалиётда ушбу хизматлардан фойдаланиш жараёнида юзага келаётган техник муаммолар, ахборот хавфсизлигига оид хавотирлар, интерфейс ва навигациянинг мураккаблиги, шунингдек, айрим ҳолларда хизматларнинг тўлиқ рақамлашмагани каби омиллар мазкур соҳани чуқур илмий таҳлил қилишни талаб этмоқда.

Ушбу тадқиқотнинг мақсади фуқароларнинг рақамли давлат хизматларидан фойдаланиш амалиёти, уларнинг қониқиш даражаси, хизматларга бўлган ишонч ва муносабатини комплекс равишда ўрганишдан иборат.

Тадқиқот доирасида аҳолининг рақамли хизматлардан фойдаланиш даражаси ва қамровини аниқлаш, онлайн ва анъанавий хизмат форматларига бўлган афзалликларни таҳлил қилиш, хизматлардан фойдаланиш жараёнида учраётган асосий муаммолар ва тўсиқларни ўрганиш, шахсий маълумотлар хавфсизлиги ва хизматларга ишонч даражасини баҳолаш, давлат хизматларининг тезкорлиги, қулайлиги ва натижадорлиги бўйича жамоатчилик фикрини аниқлаш, шунингдек, рақамли хизматларни янада такомиллаштиришга қаратилган аҳоли таклифларини тизимлаштириш каби вазифалар амалга оширилади.

Мазкур тадқиқот республика бўйлаб турли ижтимоий-демографик гуруҳлар ва ҳудудларни қамраб олган ҳолда ўтказилмоқда. Тадқиқот натижалари давлат хизматларини рақамлаштириш соҳасида қабул қилинаётган қарорларни илмий-амалий жиҳатдан асослаш, аҳоли эҳтиёж ва талабларини ҳисобга олган ҳолда янада қулай, самарали ва ишончли хизматлар тизимини шакллантиришга хизмат қилади.