08.06.2026
19
БЎЛАЖАК СОЦИОЛОГЛАР УЧУН КАСБИЙ МАҲОРАТ МАКТАБИ
Мамлакатимизда инсон капитали сифатини юксалтириш, таълимнинг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ана шу мақсадлар доирасида Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетининг социология йўналишида таҳсил олаётган талабалари “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида малакавий амалиёт ўташни бошлашди.
Мазкур амалиёт дастури бўлажак социологларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш, уларни замонавий тадқиқот технологиялари билан таништириш ҳамда жамоатчилик фикрини ўрганиш соҳасида зарур касбий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган. Талабалар амалиёт жараёнида социологик тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказишнинг асосий босқичлари, тадқиқот дастурини ишлаб чиқиш, сўровнома ва интервью воситаларини тайёрлаш, эмпирик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш жараёнлари билан яқиндан танишмоқдалар.
Бугунги кунда жамиятда кечаётган ижтимоий, иқтисодий ва маданий ўзгаришларни чуқур таҳлил қилиш, аҳоли кайфияти ва эҳтиёжларини ўрганиш, жамоатчилик фикри динамикасини баҳолаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, “Ижтимоий фикр” маркази ёш тадқиқотчилар учун ўзига хос илмий-амалий лаборатория вазифасини бажариб, уларга ҳақиқий тадқиқот муҳитида ишлаш имкониятини яратиб бермоқда.
Амалиёт давомида талабалар жамоатчилик фикрини ўрганишнинг миллий ва халқаро тажрибалари, социологик тадқиқотларда қўлланиладиган методлар, маълумотларни таҳлил қилишнинг замонавий ёндашувлари ҳамда аналитик хулосалар тайёрлаш усулларини ўзлаштирмоқдалар. Бу эса уларнинг тадқиқотчилик салоҳиятини ривожлантириш, танқидий ва таҳлилий фикрлаш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Таълим муассасалари ва илмий-амалий ташкилотлар ўртасидаги бундай ҳамкорлик ёшларнинг касбий шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Чунки замонавий меҳнат бозори нафақат мустаҳкам назарий билимга, балки мустақил таҳлил қилиш, маълумотлар билан ишлаш ва илмий асосланган қарорлар қабул қилиш қобилиятига эга мутахассисларни талаб этмоқда.
“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ёшларни илмий тадқиқот фаолиятига жалб этиш, уларнинг амалий тажрибасини бойитиш ва социология соҳаси учун рақобатбардош кадрлар тайёрлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бугун амалиёт майдонида тажриба орттираётган талабалар эртага мамлакатимизда ижтимоий жараёнларни чуқур таҳлил қиладиган, жамоатчилик фикрини профессионал даражада ўрганадиган ва давлат ҳамда жамият тараққиётига хизмат қиладиган етук мутахассислар бўлиб етишадилар.
Шу маънода, мазкур амалиёт дастури ёшларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш, илм-фан ва амалиёт интеграциясини мустаҳкамлаш ҳамда миллий социология мактабининг келгуси тараққиёти учун муҳим пойдевор вазифасини бажармоқда.


