07.06.2026
9
ЯНГИ ЭНЕРГЕТИК ДАВР САРИ: ЎЗБЕКИСТОНДА АТОМ ЭНЕРГЕТИКАСИ СОҲАСИДА СТРАТЕГИК ЛОЙИҲАГА СТАРТ БЕРИЛДИ
Ўзбекистон энергетика тизимини модернизация қилиш, иқтисодиётнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларини таъминлаш ва узоқ муддатли энергетик барқарорликка эришиш йўлида яна бир муҳим қадам қўйилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин иштирокида мамлакатимизда интеграциялашган атом электр станциясининг биринчи энергия блокини қуриш ишларига расман старт берилди.
Мазкур воқеа нафақат энергетика соҳаси, балки миллий иқтисодиёт, саноат тараққиёти, технологик янгиланиш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, саноат ҳажмларининг ўсиши, урбанизация жараёнларининг фаоллашуви ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар энергия ресурсларига бўлган талабни тобора кучайтирмоқда. Бундай шароитда барқарор, ишончли ва экологик жиҳатдан мақбул энергия манбаларини шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Атом энергетикаси бугунги кунда кўплаб ривожланган давлатларда энергетик хавфсизликни таъминлашнинг муҳим воситаси сифатида қаралмоқда. У юқори ҳажмда электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти, узоқ муддатли самарадорлиги ва атмосферага чиқариладиган зарарли чиқиндиларнинг нисбатан камлиги билан ажралиб туради. Шу маънода, мамлакатимизда интеграциялашган атом электр станцияси қурилишининг бошланиши Ўзбекистоннинг замонавий технологияларга таянган барқарор тараққиёт моделига изчил ўтаётганининг яна бир амалий ифодаси ҳисобланади.
Бугунги кунда жаҳонда энергия хавфсизлиги, иқлим ўзгариши ва экологик барқарорлик масалалари давлат сиёсати кун тартибининг энг долзарб йўналишларидан бирига айланган. Мамлакатлар иқтисодий ривожланишни таъминлаш билан бир вақтда атроф-муҳит муҳофазаси ва ресурслардан оқилона фойдаланиш ўртасидаги мувозанатни сақлашга интилмоқда. Ўзбекистонда ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ва замонавий энергетик инфратузилмани шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Атом энергетикаси лойиҳаси мазкур жараёнларнинг мантиқий давоми сифатида баҳоланмоқда.
Мазкур йирик лойиҳа мамлакатимизда юқори малакали муҳандислик кадрларини тайёрлаш, илмий-тадқиқот салоҳиятини мустаҳкамлаш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда замонавий технологияларни миллий иқтисодиётга кенг жорий этиш учун ҳам янги имкониятлар очади. Шу билан бирга, у ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш, инвестициялар жалб қилиш ва маҳаллий ишлаб чиқариш занжирларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
«Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мамлакат тараққиётининг стратегик йўналишлари, энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, экологик барқарорлик, яшил иқтисодиёт ва инновацион ривожланиш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини мунтазам равишда ўрганиб келмоқда. Марказ томонидан ўтказилаётган социологик тадқиқотларда фуқароларнинг мамлакатдаги иқтисодий ва технологик ўзгаришларга муносабати, энергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақидаги қарашлари, энергия тежамкорлиги маданияти ҳамда экологик хавфсизлик масалаларига оид фикрлари таҳлил қилинмоқда.



