26.06.2026
16
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг тасдиқланган иш режаси доирасида Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказида танишув ташрифи ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади суд-экспертиза тизими фаолияти билан яқиндан танишиш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий экспертлик тадқиқотлари, илмий-инновацион ёндашувлар ҳамда жамоатчилик назорати механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган ишлар юзасидан ўзаро фикр алмашишдан иборат бўлди.
Ташриф давомида иштирокчиларга суд экспертизаларини ўтказиш жараёнлари, экспертлик тадқиқотларининг замонавий методлари, лабораториялар фаолияти, соҳада рақамли технологиялардан фойдаланиш ҳамда илмий-тадқиқот ишларининг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, суд-экспертиза тизимида очиқлик, шаффофлик ва жамоатчилик билан самарали ҳамкорликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Мазкур тадбирда «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори ўринбосари М. Сеитов иштирок этиб, жамоатчилик институтлари ва давлат органлари ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, очиқлик тамойилларини ривожлантириш ҳамда жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда давлат бошқаруви самарадорлигини оширишнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Тадбир давлат ва жамоатчилик ҳамкорлигини янада кенгайтириш, суд-экспертиза соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳанинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи амалий мулоқот майдони сифатида аҳамият касб этди.




