30.07.2025
20
2025 йил 29 июль куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати биносида "30 июль — Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни" муносабати билан “Одам савдосига қарши курашда глобал чақириқлар: жамиятнинг роли ва халқаро ҳамкорлик” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли анжуман Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия ташаббуси билан, Ички ишлар вазирлиги, Халқаро миграция ташкилоти, БМТ, ЕХҲТ ва бир қатор маҳаллий ва халқаро ҳамкор ташкилотлар иштирокида ташкил этилди.
Тадбирда одам савдосининг замонавий таҳдидлари, жамиятнинг бундаги ўрни, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, профилактик чора-тадбирларни кучайтириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Конференцияда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Рахимова Нигина Хайруллаевна фаол иштирок этди. У ўз маърузасида жамиятда одам савдосига нисбатан муносабат, унинг ижтимоий-руҳий илдизлари, хавф гуруҳларини аниқлаш ва фуқаролар онгини шакллантиришда жамоатчилик фикрини ўрганиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, маркази директори Нигина Хайруллаевна “Ижтимоий фикр” маркази томонидан ўтказилган сўровлар ва таҳлиллар натижаларига таяниб, одам савдосига қарши курашда ижтимоий фикрнинг ўрни. ва таъсири ҳақида илмий-амалий таклифларни баён этди.
Конференция якунида давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор амалий тавсиялар қабул қилинди.