14.03.2026
18
“КАРЬЕРА КУНИ” МЕҲНАТ ЯРМАРКАСИ
Жорий йил 12 март куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида талабаларнинг меҳнат бозорига интеграциясини таъминлаш, уларни бўш вақтларида иш билан банд қилиш ҳамда битирувчиларнинг келгусида ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олий таълим муассасалари талабаларининг бандлигини таъминлаш, уларнинг турмуш даражасини яхшилаш ва ёшларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, турли соҳаларда фаолият юритаётган корхона ва муассасалар вакиллари билан бир қаторда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ходимлари ҳам иштирок этди.
Меҳнат ярмаркасининг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат бўлди:
- олий таълим муассасалари талабаларини бўш вақтларида иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш;
- битирувчиларни меҳнат бозори талаблари билан таништириш;
- ёш мутахассисларни ишга жойлаштириш жараёнларининг самарадорлигини ошириш;
- таълим муассасалари ва иш берувчи ташкилотлар ўртасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш.
Тадбир доирасида иштирокчи ташкилотлар томонидан мавжуд бўш иш ўринлари, стажировка дастурлари ҳамда ёшлар учун касбий ривожланиш имкониятлари бўйича тақдимотлар ўтказилди.
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ходимлари эса иштирокчиларга марказ фаолияти, жамоатчилик фикрини ўрганишга қаратилган социологик тадқиқотлар йўналишлари, амалга оширилаётган илмий-таҳлилий ишлар ҳамда марказда мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида батафсил маълумот бердилар. Шунингдек, талабаларга марказ фаолиятида иштирок этиш, тадқиқот ишларига жалб этилиш ва келгусида ишга жойлашиш имкониятлари ҳақида тушунтиришлар берилди.
Ярмарка давомида талабалар турли ташкилотлар ва муассасалар вакиллари билан мулоқот қилиб, ишга жойлашиш шартлари, амалиёт ўташ имкониятлари ҳамда келгусидаги касбий фаолиятига оид муҳим маълумотларга эга бўлдилар.
Тадбир якунида талабаларни иш билан таъминлаш, уларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш ва меҳнат бозорига самарали интеграциясини таъминлашга қаратилган ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.


