06.04.2026
37
“ИЖТИМОИЙ ФИКР” РЖФЎМ МУТАХАССИСЛАРИ ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-АМАЛИЙ МУҲОКАМАДА
2026 йил 4 апрель куни Россия Фанлар академияси ҳузуридаги БМТнинг ҳуқуқий, психологик ва ижтимоий-иқтисодий муаммолар бўйича Илмий-маслаҳат кенгаши ҳамда Ишонч, қадр-қиммат ва ҳуқуқ илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида “Ёшлар” мавзусига бағишланган халқаро илмий йиғилиш бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли халқаро мулоқот майдонида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг ёшлар масалаларини ўрганиш йўналишида фаолият юритаётган таҳлилчилари ва мутахассислари иштирок этди.
Йиғилиш доирасида етакчи хорижий олимлар томонидан ёшлар социологияси ва ижтимоий психологиясига оид муҳим маърузалар тақдим этилди. Жумладан, Зубок Юлия Альбертовна - социология фанлари доктори, профессор, Россия ФНИСЦ РАН Социология институти қошидаги Ёшлар социологияси маркази раҳбари “Россия жамиятида ёшлар: социомаданий ўз-ўзини тартибга солиш асослари” мавзусида маъруза қилди;
Шунингдек, Лебедева Надежда Михайловна — психология фанлари доктори, профессор, НИУ ВШЭ Социомаданий тадқиқотлар маркази илмий раҳбари “Замонавий ёшлар: қадриятлар, идентиклик ва ижтимоий муносабатлар” мавзусида 2022–2025 йиллар тадқиқотлари натижалари асосида таҳлилий тақдимот ўтказди;
Шабунова Александра Анатольевна — иқтисод фанлари доктори, Вологда илмий маркази директори “Ёш авлоднинг оила, меҳнат ва соғлом турмуш тарзига оид қарашлари” мавзусида минтақавий социологик мониторинг натижаларини тақдим қилди.
Маърузаларда ёшларнинг қадриятлар тизимидаги ўзгаришлар, идентиклик шаклланиши, оила институтига муносабат, меҳнат ва соғлом турмуш тарзига оид қарашлар ҳамда рақамли муҳит таъсиридаги ижтимоий хулқ-атвор трансформацияси чуқур таҳлил қилинди.
“Ижтимоий фикр” маркази мутахассислари ушбу муҳокамада иштирок этиш орқали жамоатчилик фикрини ўрганиш соҳасида тўпланган миллий эмпирик маълумотлар ва таҳлилий ёндашувларни халқаро экспертлар қарашлари билан солиштириш имкониятига эга бўлди.
Халқаро мулоқот жараёнида илғор хорижий тадқиқотлар тажрибасини ўрганиш, ёшлар масалаларини комплекс таҳлил қилишда фанлараро ёндашувларни қўллаш ҳамда жамоатчилик фикрини мунтазам мониторинг қилиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Мазкур иштирок Марказнинг илмий-таҳлилий салоҳиятини янада ошириш, шунингдек, мамлакатимизда ёшлар сиёсати самарадорлигини кучайтиришга қаратилган илмий-амалий таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.


