18.03.2026
11
“Ижтимоий фикр” РЖФЎ маркази иштирокида ЎзДЖТУда амалий бинар дарс ташкил этилди
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мутахассиси Равшанбек Исламбаев томонидан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факултетида социология йўналиши 3-босқич талабалари учун амалий йўналтирилган бинар дарс ўтказилди.
Машғулот “SPSS ёрдамида социологик маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш. SPSSда тасвирий статистика” мавзусига бағишланиб, унда назарий билимлар амалий тажриба билан уйғун ҳолда ёритилди. Айниқса, дарс жараёнида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг реал социологик тадқиқотлари асосида маълумотларни таҳлил қилиш механизмлари босқичма-босқич тушунтириб берилди.
Талабалар SPSS дастурида маълумотларни киритиш, ўзгарувчиларни шакллантириш, частотали таҳлил, ўртача қиймат ва дисперсияни ҳисоблаш каби муҳим статистик жараёнларни бевосита амалий мисоллар асосида ўргандилар. “Ижтимоий фикр” маркази тажрибаси эса уларга социологик тадқиқот натижаларини таҳлил қилишда профессионал ёндашувни англаш имконини берди.
Машғулот давомида талабалар фаол иштирок этиб, ўз саволлари ва таҳлилий фикрлари билан жараённи янада бойитдилар. Бу эса дарсни оддий назарий машғулотдан амалий лаборатория даражасига олиб чиқди.
Мазкур ҳамкорлик нафақат талабаларнинг статистик ва аналитик компетенцияларини ривожлантиришга, балки уларни реал тадқиқот муҳити билан таништириш орқали келажакдаги касбий фаолиятга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.


