21.03.2026
8
Наврўз нафаси - жамиятда янгиланиш, бирдамлик ва эзгулик тантанаси!
Азиз ватандошлар! Юртимиз бўйлаб баҳор нафаси уфуриб, табиат уйғониши билан бирга инсон қалбида янгиланиш, покланиш ва эзгуликка интилиш ҳисси янада кучаймоқда. Ана шундай кўтаринки кайфият ҳукм сураётган кунларда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази жамоаси барчангизни Наврўз айёми билан самимий муборакбод этади.
Наврўз — халқимизнинг асрлар давомида шаклланган маънавий тажрибаси, миллий қадриятлари ва маданий меросининг ёрқин ифодасидир. Унда табиат ва инсон уйғунлиги, меҳнатга эҳтиром, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат каби умуминсоний тамойиллар мужассам. Шу жиҳатдан, ушбу байрам жамият ҳаётида нафақат анъанавий аҳамиятга, балки чуқур ижтимоий ва маънавий мазмунга эга.
Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Наврўз умумхалқ сайли сифатида кенг нишонланмоқда. Маҳаллаларда дастурхонлар ёзилиб, сумалаклар қайнатилиб, қўни-қўшничилик муносабатлари янада мустаҳкамланмоқда. Бу жараёнларда авлодлар давомийлиги, жамоавийлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик руҳи яққол намоён бўлмоқда.
Майдонларда ташкил этилаётган кўпкари мусобақалари, халқ сайиллари, маданий ва маърифий тадбирлар эса миллий анъаналарни жонлантириш билан бирга, аҳолининг ижтимоий фаоллигини оширмоқда. Ушбу жараёнлар орқали фуқароларда жамиятга дахлдорлик ҳисси, ўзаро ишонч ва бирдамлик муҳити мустаҳкамланмоқда.
Жамоатчилик фикри таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, Наврўз каби умуммиллий байрамлар аҳоли ўртасида ижобий эмоционал муҳитни шакллантиради, ижтимоий алоқаларни фаоллаштиради ва жамият барқарорлигига хизмат қилади.
Бугунги ислоҳотлар жараёнида инсон қадри, унинг фикри ва кайфияти устувор ўрин эгаллаётган бир шароитда, юртимизда кенг нишонланаётган Наврўз айёми фуқароларимизнинг ушбу байрамга алоҳида тайёргарлик кўриши, юксак кайфияти ва самимий хурсандчилиги орқали янада ёрқин ифодасини топмоқда.
“Ижтимоий фикр” маркази жамиятдаги ана шундай ижобий жараёнларни илмий асосда ўрганиш, аҳоли кайфияти ва муносабатларини таҳлил қилиш орқали мамлакат тараққиётига хизмат қилишни изчил давом эттиради.
Сизларга мустаҳкам соғлик, хонадонларингизга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва қут-барака тилаймиз. Ҳар бир оилага баҳор қувончи, эзгулик ва янгиланиш руҳи ҳамроҳ бўлсин.
Наврўз байрами барчангизга муборак бўлсин азизлар!


