12

30 КУН – ҲАМКОРЛИКДА ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШИШ ОЙЛИГИ

2026 йил 29 июнь куни Республика «Istiqbolli avlod» ижтимоий ахборот марказида 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан ўтказиладиган «30 кун – ҳамкорликда одам савдосига қарши курашиш ойлиги» бошланишига бағишланган республика тадбири бўлиб ўтди. Унда давлат органлари, халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда соҳада фаолият юритувчи мутахассислар иштирок этди. Тадбир Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия ташаббуси билан ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади мамлакатда одам савдосининг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, хавф гуруҳларини ижтимоий ҳимоя қилиш, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда ойлик доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг устувор вазифаларини белгилаб олишдан иборат бўлди.

Тадбирни Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия масъул котиби Азиз Хамзаев очиб берди. Шунингдек, Республика «Istiqbolli Avlod» ижтимоий-ахборот маркази директори Нодира Каримова ҳамда Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонаси Мигрантларни ҳимоя қилиш ва ёрдам бериш бўлими бошлиғи Ксения Рыжкова соҳада амалга оширилаётган ишлар, халқаро ҳамкорлик механизмлари ва аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтиришга қаратилган ташаббуслар хусусида маърузалар билан иштирок этдилар. Тадбир давомида ойлик доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси ва уни амалга ошириш механизмлари иштирокчиларга батафсил тушунтирилди.

Мазкур тадбирда «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази «Дала тадқиқотлари ва маълумотлар сифатини назорат қилиш бўлими» бошлиғи Умида Халикова иштирок этди.

Тадбирда одам савдосига қарши курашиш соҳасида самарали давлат сиёсати юритишда жамоатчилик фикрини тизимли ўрганиш, аҳоли хабардорлиги даражасини баҳолаш, хавф омилларини аниқлаш ва профилактик чора-тадбирларни илмий асосланган социологик маълумотлар билан таъминлашнинг аҳамияти алоҳида қайд этилди. Бу каби ёндашувлар соҳада қабул қилинаётган қарорларнинг самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда манзилли профилактика механизмларини такомиллаштиришда муҳим илмий-амалий аҳамият касб этади.

Тадбир якунида иштирокчилар «30 кун – ҳамкорликда одам савдосига қарши курашиш ойлиги» доирасида республика миқёсида амалга ошириладиган тарғибот, профилактика ва ахборот-маърифий тадбирларни давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик асосида изчил амалга ошириш юзасидан фикр алмашдилар.