79

УСТОЗ НАЗАРИ

Ўзбекистон илм-фанининг тараққиётида ёрқин ва муносиб из қолдирган фозила олима, нафақат ўз мамлакати, балки хорижда ҳам чексиз эътирофлар соҳибаси бўлган беназир Устоз – ЎзРФА академиги, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, “Эл-юрт ҳурмати” ордени нишондори Раъно Аҳатовна Убайдуллаева ҳаёт бўлганларида бугун муборак 88 ёшга тўлардилар...

Бугун барчамиз Устознинг порлоқ хотирасини ёд этиб, чуқур таъзимдамиз. Беихтиёр Устоз билан боғлиқ энг ёрқин хотиралар уйғонади. Аслини олганда, Устоз наинки таваллуд кунлари, балки ҳар куни биз билан биргалар, гўёки ёнимиздалар, уларга шогирд бўлишдек улкан шарафга муяссар бўлган ҳар биримизнинг қалбимиздалар, биз ҳар бир ишимиз, ҳар бир қадамимизда уларнинг муқаддас Назарини ҳис қилиб турамиз...

Устоз 22 йил давомида “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказига узлуксиз раҳбарлик қилдилар. Бугун Марказда ўтаётган ҳеч бир тадбир, ҳеч бир воқеа, ҳеч бир иш йўқки, биз уларга беихтиёр Устоз назари билан қарашга интилмасак, уларга қараб бўй ростламасак... Энг муҳими шундаки, Раъно Аҳатовна бошлаган улкан ишлар, улар асос солган анъаналар шогирдлари томонидан муносиб равишда давом эттирилмоқда.  

Устозимиз Раъно Аҳатовна бутун умрини илм-фанга бағишлаган заҳматкаш ва меҳнатсевар олима, талабчан ва одил раҳбар, узоқни кўра биладиган комил инсон, ғоят назокатли ва оқила аёл, меҳрибон она, вафодор рафиқа сифатида барчамизга ўрнак эдилар. Ўзининг муносиб меҳнатлари эвазига чексиз обрў-эътибор ва меҳр-муҳаббатга сазовор бўлиб, ўз элининг ардоғида бўлган ана шундай беназир инсон раҳбарлигида ишлаш шарафига муяссар бўлганимиздан биз ҳақли равишда фахрланамиз ва уларнинг ёрқин хотираси олдида бош эгамиз...

Устознинг охиратлари обод бўлсин!