10

Муқаддас Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан барча юртдошларимизни самимий муборакбод этамиз. Ушбу муборак ой жамият ҳаётида маънавий янгиланиш, сабр-тоқат, бағрикенглик ва саховат тамойиллари устувор аҳамият касб этадиган, инсонпарварлик қадриятлари янада мустаҳкамланадиган давр сифатида эътироф этилади. Рамазон ойи нафақат диний ибодатлар, балки ижтимоий ҳамжиҳатлик, ўзаро кўмак ва хайрия маданияти фаоллашуви билан ҳам аҳамиятлидир.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан «Фуқароларнинг муқаддас Рамазон ойи, хайрия ва эҳтиёжманд аҳоли қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларига муносабати» мавзусида социологик тадқиқот ўтказиш бошланди.

Мазкур тадқиқотни амалга оширишдан асосий мақсад аҳолининг хайрия амалиёти, саховат ва ижтимоий масъулиятга доир қарашлари, Рамазон ойининг шахс ва жамият ҳаётидаги ўрни, эҳтиёжманд қатламларга кўмак бериш амалиёти ҳамда давлат томонидан олиб борилаётган ижтимоий қўллаб-қувватлаш сиёсатининг жамоатчилик томонидан қандай қабул қилинаётганини комплекс ўрганишдан иборат.

Тадқиқот жараёнида фуқароларнинг хайрия билан шуғулланиш даражаси, ёрдам кўрсатиш шакллари, кўмак каналлари, хайрияга ундаувчи ижтимоий ва маънавий омиллар, хайрия институтларига ишонч, шаффофликка муносабат, шунингдек, Рамазон ойига ижтимоий-психологик ёндашувлар ўрганилади. Айни пайтда рўза тутиш, жамиятдаги сўнгги йилларда кузатилган қадриятлар трансформацияси ва диний-ижтимоий фаоллик динамикаси ҳақида фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини билишдан иборат.

Тадқиқотда давлат томонидан Рамазон ойи муносабати билан амалга оширилаётган ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари, эҳтиёжманд оилалар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга қаратилган ёрдам дастурлари юзасидан жамоатчилик фикри алоҳида ўрганилади. Фуқароларнинг мазкур ташаббусларга муносабати, ишонч даражаси ва кутилмаларини аниқлаш тадқиқотнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.