29.04.2026
7
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан республика миқёсида “Ўзбекистонда замонавий оила фуқаролар тасаввурида: қадриятлар, трансформациялар, репродуктив қарашлар ва никоҳ-оила хавф-хатарлари” мавзусида кенг қамровли социологик тадқиқот ўтказиш бошланди. Мазкур тадқиқот бугунги глобаллашув, ижтимоий трансформациялар, демографик ўзгаришлар ва оила институтига таъсир кўрсатаётган янги ижтимоий чақириқлар шароитида оилавий муносабатлар, никоҳга ёндашувлар, репродуктив қарашлар ҳамда миллий қадриятларнинг аҳоли онгидаги ўрнини чуқур таҳлил қилишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Тадқиқотнинг асосий мақсади Ўзбекистон аҳолисининг замонавий оила модели, никоҳ муносабатлари, ажримлар сабаблари, эрта никоҳлар, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, фарзандлиликка муносабат, репродуктив қарорлар, никоҳ шартномаси ва оила институтининг истиқболли ривожланиши бўйича ижтимоий қарашларини тизимли ўрганишдан иборат. Шу орқали жамиятда оилавий барқарорликни таъминлаш, миллий ва замонавий қадриятлар уйғунлигини баҳолаш, оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсатини такомиллаштириш учун муҳим эмпирик маълумотлар шакллантирилади.
Сўров доирасида фуқароларнинг оилага муносабати, мустаҳкам оиланинг асосий қадриятлари, замонавий оилалардаги муаммолар, ажримларнинг олдини олиш омиллари, никоҳ учун мақбул ёш, эрта никоҳларга муносабат, қонунчилик ташаббуслари, репродуктив қарорлар ва оилавий хавф-хатарларга доир фикрлари ўрганилади. Тадқиқот натижалари мамлакатда оила институти барқарорлигини таъминлаш, демографик сиёсат самарадорлигини ошириш, хотин-қизлар ва ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, никоҳ-оила муносабатларига оид ижтимоий сиёсатни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Ушбу тадқиқот жамиятнинг энг муҳим ижтимоий институти бўлган оиланинг бугунги ҳолати, трансформация жараёнлари ва келажакдаги ривожланиш тенденцияларини жамоатчилик фикри асосида баҳолаш имконини бериши билан мамлакат ижтимоий тараққиёти учун муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга.


