15

ЁШЛАР - ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТИНИНГ АСОСИЙ ҲАРАКАТЛАНТИРУВЧИ КУЧИ

30 июнь - Ёшлар куни муносабати билан барча юртдошларимизни, айниқса билимли, ташаббускор ва ватанпарвар ёшларни самимий муборакбод этамиз.

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, сифатли таълим олиши, муносиб меҳнат қилиши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу ислоҳотлар натижасида ёшлар давлат ва жамият тараққиётининг фаол иштирокчиси, мамлакатнинг энг муҳим стратегик ресурси сифатида тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда.

«Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ёшларнинг ижтимоий кайфияти, фуқаролик фаоллиги, қадриятлари ҳамда давлат ёшлар сиёсатига муносабатини мунтазам ўрганиш мақсадида ўтказилаётган социологик тадқиқотлар натижалари ҳам мазкур жараёнларнинг ижобий ривожланаётганини яққол намоён этмоқда.

Тадқиқот натижаларига кўра, ёшларнинг катта қисми мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз бераётган воқеаларга қизиқиш билан ёндашади. Кўпчилик ёшлар маҳалла, жамоат ва ёшлар ташкилотлари фаолиятида иштирок этиб, турли ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватламоқда. Шунингдек, аксарият ёшлар ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалар орқали жамият ҳаётидаги муҳим масалалар юзасидан ўз фикрини эркин билдирмоқда. Бу эса мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари ривожланиб, ёшларнинг ижтимоий фаоллиги изчил юксалаётганини кўрсатади.

Социологик тадқиқотлар ёшларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан юқори ишонч ва қўллаб-қувватлаш муносабатини ҳам намоён этди. Респондентларнинг мутлақ кўпчилиги кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳолаб, давлатнинг ёшларга оид сиёсатига ишонч билдирган. Ёшларнинг катта қисми мазкур ўзгаришлар ўзининг шахсий ҳаёти ва келажак имкониятларида ҳам ижобий акс этаётганини қайд этган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ёшлар учун энг устувор йўналишлар сифатида сифатли таълим ва касбий тайёргарликни янада такомиллаштириш, муносиб иш ўринларини кенгайтириш ҳамда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш масалалари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу эса ёшларнинг мамлакат келажагини билим, меҳнат ва инновацион тараққиёт билан боғлаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

«Ижтимоий фикр» РЖФЎМ жамоатчилик фикрини илмий асосда мунтазам ўрганиш орқали ёшларнинг эҳтиёж ва интилишларини таҳлил қилиш, уларнинг фикрини давлат ва жамият ўртасидаги самарали мулоқотнинг муҳим омилига айлантириш ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи амалий тавсиялар ишлаб чиқишни ўзининг устувор вазифаларидан бири сифатида давом эттиради.

Ёшлар куни муносабати билан барча ёшларга мустаҳкам соғлиқ, юксак марралар, илмий ва касбий ютуқлар, эзгу ташаббуслар ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлидаги фаолиятида улкан зафарлар тилаймиз.

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз ёшлар!