13.01.2026
5
ЖАМИЯТ ПУЛЬСИНИ ЎЛЧАЙДИГАН МАРКАЗ: «ИЖТИМОИЙ ФИКР» ФАОЛИЯТИГА ИЛМИЙ НАЗАР
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мамлакатда кечаётган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий жараёнларни илмий асосда ўрганиш орқали жамоатчилик фикрини стратегик ресурс сифатида шакллантириб келмоқда. Марказ фаолияти жамиятдаги воқеликни холис баҳолаш, аҳоли кайфияти ва муносабатларидаги ўзгаришларни тизимли таҳлил қилиш ҳамда уларни амалий хулосаларга айлантиришга қаратилган
1997 йилдан буён фаолият юритаётган марказ республика миқёсида мунтазам социологик тадқиқотлар ўтказиб, жамоатчилик онги динамикасини узлуксиз мониторинг қилиб келмоқда. Шу давр мобайнида амалга оширилган комплекс изланишлар натижасида юз минглаб респондентларнинг фикр ва муносабатлари таҳлил қилинган бўлиб, ушбу маълумотлар давлат бошқаруви, ижтимоий сиёсат ва стратегик режалаштириш жараёнларида ишончли манба сифатида хизмат қилмоқда.
Марказ томонидан ўтказилаётган тадқиқотлар жамият ҳаётининг кенг доирасини қамраб олади. Ижтимоий-сиёсий жараёнлар, ижтимоий-иқтисодий ривож, меҳнат бозори, миграция, ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва кексалар масалалари, оилавий қадриятлар, аҳоли саломатлиги, экология ҳамда маданий трансформациялар мунтазам илмий таҳлил объекти ҳисобланади. Бу ёндашув жамиятдаги муаммо ва тенденцияларни бир томонлама эмас, балки тизимли ва комплекс асосда ўрганиш имконини беради.
Тадқиқотларни амалга оширишда миқдорий ва сифат усулларидан уйғун фойдаланилади. Телефон ва онлайн сўровлар, юзма-юз интервьюлар, фокус-группалар, чуқурлаштирилган интервьюлар ҳамда кузатув усуллари орқали жамиятдаги ҳолатнинг нафақат ташқи кўриниши, балки унинг ички сабаб ва омиллари ҳам очиб берилади. Бу эса тайёрланаётган таҳлилий материалларнинг илмий аниқлиги ва амалий аҳамиятини оширади.
Маълумотлар сифатини таъминлаш марказ фаолиятининг устувор тамойилларидан бири ҳисобланади. Сўровномаларни тайёрлашдан тортиб, дала тадқиқотлари, маълумотларга ишлов бериш ва якуний таҳлилга қадар барча босқичлар кўп поғонали назорат асосида амалга оширилади. Натижада тайёрланадиган ҳисоботлар ва хулосаларнинг ишончлилиги ҳамда холислиги кафолатланади.
Марказ таркибида юқори малакали социологлар, психологлар, сиёсатшунослар, демографлар ва иқтисодчилар фаолият юритади. Ахборот-математик, илмий-аналитик, дала тадқиқотлари ва тезкор маълумот тўплаш бўлимларининг ўзаро ҳамкорлиги жамиятдаги ўзгаришларни қисқа муддатда аниқлаш ва чуқур таҳлил қилиш имконини беради.
Бугунги кунда “Ижтимоий фикр” марказига давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ва халқаро институтлар томонидан ишонч билдирилмоқда. Марказ тайёрлаган илмий-таҳлилий материаллар самарали бошқарув қарорлари қабул қилиш, ижтимоий сиёсатни такомиллаштириш ва жамият барқарор ривожини таъминлашга хизмат қилмоқда.
«Ижтимоий фикр» жамият пульсини аниқ ҳис этиш, аҳоли фикрини чуқур англаш ва уни ривожланишга хизмат қиладиган илмий хулосаларга айлантиришга қаратилган ишончли тадқиқот марказидир.


