11

ЭКОЛОГИК БАРҚАРОРЛИК ВА «ЯШИЛ» ИҚТИСОДИЁТ ЙЎЛИДА ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ ЎРГАНИЛМОҚДА

Жорий йилнинг 13 июл кунидан бошлаб «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан мамлакатимиз аҳолисининг атроф-муҳит ҳолати, экологик хавфсизлик, аҳолининг экологик маданияти ҳамда «яшил» иқтисодиётга ўтиш жараёнларига муносабатини комплекс ўрганишга қаратилган республика миқёсидаги социологик тадқиқот бошланди.

Бугунги кунда иқлим ўзгариши, атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва «яшил» иқтисодиёт тамойилларини ҳаётга кенг татбиқ этиш жаҳон ҳамжамияти олдида турган энг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Янги Ўзбекистонда ҳам экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли учун соғлом ва хавфсиз экологик муҳитни шакллантириш, табиий бойликларни асраб-авайлаш ҳамда экологик масъулиятни юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил амалга оширилмоқда.

Мазкур социологик тадқиқот мамлакатимиз аҳолисининг республика ва ўз яшаш ҳудудидаги экологик вазиятга берган баҳоси, фуқароларни энг кўп ташвишга солаётган экологик муаммолар, давлат органларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги фаолиятига муносабати, экологик маданият даражаси ҳамда табиатга нисбатан фуқаролик масъулиятини ҳар томонлама таҳлил қилишга қаратилган.

Тадқиқот жараёнида, шунингдек, аҳолининг «яшил» иқтисодиёт тушунчаси ҳақидаги хабардорлик даражаси, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати, экологик хавфсиз маҳсулот ва хизматлардан фойдаланишга тайёрлиги, энергия ва сув ресурсларини тежаш, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ҳамда экологик турмуш тарзини шакллантиришга оид қарашлари атрофлича ўрганилади.

Шу билан бирга, экологик муаммоларни ҳал этишда давлат органлари, маҳаллий ҳокимиятлар, тадбиркорлик субъектлари, илмий муассасалар, фуқаролик жамияти институтлари ва аҳолининг ўрни ҳамда масъулияти, экологик маданиятни юксалтиришга хизмат қилувчи самарали рағбатлантириш механизмлари юзасидан жамоатчилик фикри ҳам таҳлил қилинади.

«Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан амалга оширилаётган мазкур социологик тадқиқот экологик барқарор тараққиётни таъминлаш, «яшил» иқтисодиётга ўтиш жараёнларини қўллаб-қувватлаш, жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш ҳамда аҳолининг экологик онги ва фуқаролик масъулиятини юксалтиришга қаратилган илмий-амалий тавсияларни ишлаб чиқиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.