19

ЭКОЛОГИЯ ВА ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ: БАРҚАРОР ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДА ФУҚАРОЛАР ҚАРАШЛАРИ ВА ЯШИЛ КЕЛАЖАК КУТИЛМАЛАРИ

Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Глобал экологик жамғарманинг VIII-Ассамблеяси доирасида экологик хавфсизлик, иқлим ўзгариши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда яшил иқтисодиётга ўтиш масалалари халқаро ҳамжамият диққат марказида бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида экологик барқарорликни таъминлаш, ҳаво сифати, био хилма-хилликни сақлаш, чиқиндиларни бошқариш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва экологик таълимни ривожлантиришни давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб берди. Шунингдек, мамлакатимизда экологик трансформация янги тараққиёт модели сифатида қаралаётгани алоҳида таъкидланди.

Бугунги кунда иқлим ўзгариши, ҳаво ифлосланиши, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва яшил иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш нафақат давлат сиёсати, балки жамоатчилик фикрини ўрганишнинг ҳам муҳим мавзуларидан бирига айланмоқда. Экологик муаммоларнинг самарали ечими аҳолининг экологик маданияти, муносабати ва фаол иштирокисиз тўлиқ таъминланиши мумкин эмас.

Шу нуқтаи назардан, “Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан экологик кун тартиби доирасида комплекс социологик тадқиқотлар мунтазам равишда амалга ошириб келинмоқда. Марказ фуқароларнинг атроф-муҳит муҳофазасига муносабати, экологик муаммоларни баҳолаши, яшил ташаббусларни қўллаб-қувватлаш даражаси ҳамда экологик маданият шаклланишига таъсир этувчи омилларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жорий йилнинг июнь ойида Марказ томонидан қуйидаги муҳим тадқиқотларни ўтказиш режалаштирилган:

«Экология ва жамоатчилик фикри: фуқароларнинг атроф-муҳит ҳолатини идрок этиши»;

«Фуқаролар яшил иқтисодиётга ўтиш ҳақида: қўллаб-қувватлаш, тўсиқлар ва кутилмалар».

Мазкур тадқиқотлар доирасида аҳолининг экологик вазиятга берган баҳолари, ҳаво ва сув сифати бўйича қарашлари, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш амалиёти, энергия тежамкор технологияларга муносабати, яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнидан кутилаётган ижтимоий ва иқтисодий самаралар, шунингдек, ушбу жараёнда учраётган асосий тўсиқлар ва хавотирлар ўрганилади.

Тадқиқот натижалари мамлакатимизда экологик сиёсат самарадорлигини ошириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнларини қўллаб-қувватлаш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Экологик барқарорлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бугунги кунда нафақат табиатни асраш, балки инсон саломатлиги, ҳаёт сифати ва келажак авлодлар фаровонлигини таъминлашнинг муҳим шарти сифатида намоён бўлмоқда. Шу боис жамоатчилик фикрини мунтазам ўрганиш ва фуқароларнинг экологик жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш замонавий экологик бошқарувнинг ажралмас қисми ҳисобланади.