37

«ЭЛ-ЮРТ УМИДИ» СТИПЕНДИАТЛАРИ - ЯНГИ БИЛИМ ВА ТАРАҚҚИЁТ САРИ ОЛҒА

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Эл-юрт умиди» стипендияси совриндорларини тақдирлашга бағишланган халқаро форум бўлиб ўтди.

Форумда «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг амалий тадқиқотлар бўйича директор ўринбосари Мансур Сеитов иштирок этди.

Тадбир стипендия совриндорлари ва уларнинг ота-оналари, давлат идоралари, дипломатик ваколатхоналар, таълим муассасалари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакилларини бир майдонда жамлади. Унда ёшларнинг халқаро таълим имкониятларини кенгайтириш, замонавий билим ва касбий тажрибани эгаллаши учун зарур шароитларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Форум доирасида истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига йўналтириш ҳамда давлат ва ҳамкор ташкилотлар ўртасидаги институционал алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур халқаро форум янги авлод мутахассисларини тайёрлаш, илғор хорижий тажрибани миллий амалиётга татбиқ этиш ва инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим мулоқот майдони бўлди.