02.12.2025
10
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ва фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояланганлик даражасини мустаҳкамлаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Мазкур жараёнда жамоатчилик фикрини тизимли ўрганиш, аҳоли кайфиятидаги ўзгаришларни илмий таҳлил қилиш ва инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалиётда қандай натижа бераётганини баҳолаш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Фуқаролар Ўзбeкистонда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши ва ҳимоя қилиниши тўғрисида” мавзусида навбатдаги социологик тадқиқот ўтказишни бошлади.
Тадқиқотнинг долзарблиги аҳолининг кундалик ҳаётида ҳуқуқ ва эркинликларнинг қай даражада амал қилиши, фуқароларнинг ҳуқуқбузарлик ҳолатларига муносабати, ҳуқуқий институтларга ишончи ва мурожаат механизмларидан фойдаланиш амалиётини чуқур ўрганиш зарурати билан белгиланади. Бугунги ислоҳотлар даврида инсон қадрини юксалтириш, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш ва адолат принципларини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини холисона баҳолаш жамиятдаги реал ҳолатни ёритишга хизмат қилади.
Тадқиқотнинг асосий мақсади фуқароларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисидаги фикрлари, шахсий тажрибалари ва ҳуқуқий ҳимоядан қониқиш даражасини аниқлашдан иборат. Шунингдек, охирги беш йил мобайнида мамлакатда ҳуқуқлар ҳимояси соҳасида қай даражада ижобий ёки салбий ўзгаришлар содир бўлгани, қайси йўналишларда муаммолар сақланиб қолаётгани ҳамда фуқароларнинг давлат ва нодавлат ҳуқуқий институтларига мурожаат қилишга бўлган тайёрлиги ўрганилмоқда.
Мазкур социологик тадқиқот давомида, фуқароларнинг соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий ҳимоя, меҳнат, мулкий ҳуқуқлар, шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш, ахборот олиш ва сўз эркинлиги каби йўналишлардаги ҳуқуқлари қай даражада таъминланаётганини баҳолаш; ҳуқуқбузарлик ҳолатларида мурожаат этиладиган ташкилотларни аниқлаш орқали институционал ишонч даражасини ўлчаш; адолатли қарор қабул қилинишига бўлган ишончни ўрганиш; жамиятда қайси турдаги ҳуқуқлар кўпроқ бузилиши мумкинлиги ҳақидаги фуқароларимизнинг фикр мулоҳазаларини ўрганишдан иборатдир.


